Ўзбекистон | 15:23 / 22.09.2021
9818
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Ҳеч ким четдан келиб Хоразмнинг, Ўзбекистоннинг муаммосини ҳал қилиб бермайди

ЎзЛиДеп партиясидан президентликка номзод ва амалдаги президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташриф буюрди. Номзод ўз сайловолди дастури билан Хива туманида янги барпо қилинган “Фаровон” меҳмонхонасида маъруза қилди. 

“Оддийгина мисол, биз ҳозир қаерда ўтирибмиз? Мана шундай кошоналарни Хива каби шаҳарларда ҳам қилсак бўлар экан-ку. Мана туризм мисолидаги ислоҳотлар. Нима учун одамларимиз Европага, Туркияга интилади? Чунки уларда шароит бор. Биз ҳам улардан кам эмасмиз, албатта қиламиз. Йирик-йирик давлатлар раҳбарлари менга Хивага келиш истаги борлигини айтади. Мен эса амалдаги шароитимизни ўйлайман. Ҳали шундай кунлар келади, бундай кошоналарнинг ўнтаси ҳам етмайди.

Мен хонадонларга кириб гаплашдим, хурсанд бўлдим. Барибир ҳақиқат синмайди. Менинг сўнгги беш йилдаги хизматларимга муносиб баҳо бермоқчи бўлса, ҳар ким ўзидан хулоса қилиши керак.

Оддий мисол – биз тиббиётда вақтида ислоҳот қилмаганимизда пандемияни бартараф қила олмасдик. Мана, яқинда 26 млн доза вакцина келтирилди.

Ҳаммамиз ўзгаряпмиз, мен ҳам ўзгарганман. Лекин қониқиш ҳосил қилмаймиз. Бу ҳам табиий. Мени президентликка номзод қилиб кўрсатиш жуда катта шараф ва масъулият юклайди.

Ҳозир ҳаммамизни Афғонистон масаласи ўйлантириши керак. Ҳар куни эрталаб турганимда чегарадаги вазиятни суриштираман. Яхшики қўшниларимиз билан дўстона муносабатларимизни тикладик. Чунки биз тарихан буюк элмиз.

Бугун янги барпо қилинаётган Жалолиддин Мангуберди ҳайкали қурилиши билан танишдим. Хоразмга келган ҳар бир турист бу ерга ташриф буюриши, бизнинг тарихимизни чуқур ўрганиши зарур. 

Мен нимаики қилган бўлсак халқим учун қилдим. Дастлабки қадамларни қўйдик. Энди биз ютуқларимизни янада юксалтиришимиз керак. Бунинг учун ҳаммамиз бир-биримизни тушуниб, эртанги кунимизга мустаҳкам замин яратишимиз лозим.

Мен битта гапни айтаман – ҳеч ким четдан келиб Хоразмнинг, Ўзбекистоннинг муаммосини ҳал қилиб бермайди. Биз ҳаммасини ўзимиз қилишимиз керак”, дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид