Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев Хоразм шоирларини тоғларга қиёслади
Президентликка номзод ва амалдаги президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташриф буюрди. Номзод Хива туманида ўз сайловолди дастури билан маъруза қилди.
“Илгари Хоразмга келсам, бир нарсага ҳайрон бўлардим. Нега Хоразмда тоғлар йўқ, деб ўйлардим. Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжоннинг “Қуёш соати” деган ажойиб китобини ўқиб, бу саволимга жавоб топгандай бўлдим.
Атоқли шоиримиз: “Хоразмнинг буюк тоғлари – бу Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий, Ферузлардир”, деб ёзади. Мен бунга қўшимча қилиб, Хоразмнинг ҳақиқий тоғлари – унинг мард ва олийжаноб, танти ва меҳнаткаш халқи, деган бўлардим.
Яхши биласизлар, Хоразм атамаси билан боғлиқ кўплаб афсона ва ривоятларда ушбу воҳа қуёшли ер, муқаддас, унумдор замин сифатида таърифланади. Қадимий Хоразм эли ҳар қандай босқин, ҳар қандай қийинчиликни мардона енгиб яшагани тарихдан яхши маълум. Мўғуллар истилосига қарши курашган улуғ авлиё Нажмиддин Кубро, буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди сингари шонли аждодларимизнинг жасорати барчамиз учун ибрат мактабидир.
Бу кўҳна маконда бундан неча минг йиллар олдин давлатчилик ва шаҳарсозлик асослари, бой маданият ва цивилизация яратилгани дунё илм-фанида эътироф этилган. Муборак заминимиздан етишиб чиққан – Муҳаммад Мусо Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Ибн Ироқ сингари 9-12-асрлардаги илк Уйғониш даврининг машҳур вакиллари билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз. Ана шундай буюк алломаларимизнинг улкан хизматлари билан Хоразм Маъмун академияси нафақат Шарқ, балки Ғарб оламида ҳам довруқ қозонган. Қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг номини барчамиз яхши биламиз. Лекин, бу улуғ алломанинг илмий фаолияти ҳақида, афсуски, ҳаммамиз ҳам етарлича маълумотга эга эмасмиз. Чунки мактабда бизга Пушкинни, Лермонтовни ўргатишди, аммо Беруний бобомизни ўргатишмади. “Колумбда бор аламим маним” деган сатрлар ўша мураккаб даврларда бежиз битилмаган.
Ўзингиз тасаввур қилинг, ўша олис ўрта асрларда Беруний бобомизнинг астрономияга оид 70 та, математикага оид 20 та, картографияга оид 4 та, метрология ва минералогияга оид 3 тадан, физика ва фармакологияга оид 1 тадан, тарих ва этнография бўйича 15 та, фалсафага доир 4 та ва адабиётга доир 18 та асар яратгани, ҳар қандай одамни ҳам ҳайратга солади.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон ташаббуси билан ЮНEСКО томонидан 2022–2023 йилларда Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини кенг нишонлаш бўйича қарор қабул қилиниши кутилмоқда.
Юбилей муносабати билан Беруний бобомиз фаолият кўрсатган Маъмун академияси самарадорлигини янги босқичга кўтариш, алломанинг тўла асарлар тўпламини нашр этиш, унинг ҳаёти ва илмий меросига бағишлаб халқаро конференция ўтказиш каби муҳим ишларни амалга оширишимиз керак”, – деди Шавкат Мирзиёев тадбир иштирокчиларига қарата.