11:12 / 22.09.2021
1315

Тошкентда кучли таъсир этувчи дори воситаларини сотаётган шахслар ушланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чилонзор ҳамда Яккасарой тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда кучли таъсир этувчи дори воситаларини сотаётган шахслар ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чилонзор тумани бўлими ҳамда ИИВ Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «Y.P.» МЧЖ норасмий сотувчилари О.Л. ва М.З. 2 дона «Регапен» номли дори воситасини харидорга 40 минг сўмга сотган вақтида ушланди. МЧЖга қарашли дорихонадан тегишли ҳужжатлари бўлмаган 140 дона «Регапен», 94 дона «Зардекс», 99 дона «Селофен» ва 10 дона «Тропикамид» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Шунингдек, Департамент ҳамда ДХХнинг Яккасарой тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, «Y.P.» МЧЖ дорихона норасмий сотувчиси Ф.Х. 28 дона «Регапен» ҳамда 4 дона «Тропикамид» номли дори воситасини харидорга жами 1 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top