Ўзбекистон | 15:25 / 24.09.2021
11953
4 дақиқада ўқилади

Комил Алламжонов: «Ёшлигидан вақтини далада ўтказган ёшлар на коллежда ҳунар ўрганди, на мактабда билим олди»

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов аввалги даврда барча вилоят мактаблари ўқитувчилари, ўқувчилари асосий вақтини пахта даласида ўтказгани тўғрисида пост ёзиб қолдирди.

Унинг маълум қилишича, ёшлигидан вақтини далада ўтказган ёшлар на коллежда ҳунар ўрганган, на мактабда билим олган. Ҳозир ўқитувчи ва ўқувчилар далада эмас, мактабда.

“Билмадим, бу қачондан бошланган, лекин 1990-2000 йиллар давомида барча вилоят мактаблари ўқитувчилари, ўқувчилари йилига камида 4 ой вақтини пахта даласида ўтказган. Кузги, баҳорги ва ёзги таътилларни қўшиб ҳисобласа, яна тахминан плюс-минус 4 ойни чиқариб ташлаймиз. Мактаблар сони 10 мингга яқин, ўқувчилар эса бир неча миллион. Университет ва коллежлар, уларнинг ўқувчилари сони – алоҳида масала. Демак, 10 мингта мактабдаги миллионлаб ўқувчилар фақат 4 ой ўқитилган.

Бир йилда атиги 4 ойгина! Агар фарзандингиз бир ҳафта мактабга бормаса, ўзингизни қўйишга жой тополмайсиз. Яқин йилларгача эса 8 ой деярли ўқимаган ёшларимиз. Албатта, бундай давлат ва миллат бой бўлармиди? Ёшлигидан вақтини далада ўтказган ёшлар на коллежда ҳунар ўрганди ва на мактабда билим олди. Хуллас, бунинг таъсири ҳали анча билинади. Бунга тайёр бўлишимиз керак.

Ҳозир ўқитувчи ва ўқувчилар далада эмас, мактабда. (Оқни оқ, қорани қора дейиш керак).

Хулоса қилиб айтмоқчиманки, агар таълим соҳасида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган тақдирда ҳам, ҳозир болаларимиз 4 ой эмас, 8 ой ўқиётгани ҳисобига ҳам зарурий минимум билимни олиши аниқ”, дейди Комил Алламжонов.

Қайд этилишича, ўқитувчилар қадрланиши ва билим трендда бўлиши шарт. Ривожланишнинг бошқа йўли йўқ.

“Ўқитувчи эмас, таълим эмас, тракторчи трендда бўлганидан кейин натижа ҳам шунга яраша бўлади-да”, деб якунланган пост.

Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев яқин-яқингача 6-7 миллион аҳоли, айниқса болалар пахта теримига “ихтиёрий-мажбурий” сафарбар этилгани тўғрисида гапирганди.

“Ҳеч кимга сир эмас, илгари куз деганда авваламбор, пахта йиғим-терим “кампанияси” кўз олдимизга келар эди. Яқин-яқингача ҳар йили тахминан 6-7 миллион аҳолимиз, айниқса болалар пахта теримига “ихтиёрий-мажбурий” сафарбар этиларди. Мана, уч-тўрт йилдан буён ўқитувчи ва ўқувчилар – мактабда, врач – шифохонада, олимлар – лабораторияда, талабалар – аудиторияда ўз машғулоти ва ўз иши билан банд бўлмоқда. Бундай натижага тўғри иқтисодий сиёсат юритиш, тадбиркор ва деҳқон учун манфаатли бўлган самарали усулларни, жумладан, кластер ва кооперация тизимини жорий этиш эвазига эришдик”, деди президент сентябр ойи бошида ўтказилган Либерал-демократик партия қурултойида.

Куни кеча, 22 сентябр куни Хоразм вилояти фаоллари билан учрашув чоғида Шавкат Мирзиёев ўтмишда пахта ҳосили етиштириш билан боғлиқ муаммолар ва бугунги кундаги вазият ҳақида тўхталиб ўтди.

“Шунча йил бошимизни эгиб пахта экдик, лекин кўнгилдагидек даромад қилмадик. Бирор марта республика бўйича олинган даромадимиз 1 млрд долларга етмади. Ўртача 800-850 млн доллар бўларди. Ҳозир битта Андижон вилоятининг ўзи текстил маҳсулотларидан 700 млн долларлик экспорт қиляпти. Аввал биз пахтанинг ўзини сотган бўлсак, энди ҳатто четдан сотиб олишга, қайта ишлашга тайёрмиз. Хорижий давлатлар эса келиб биздан пахта сўраб туришибди”, деди давлат раҳбари.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид