Ўзбекистон | 12:48 / 24.09.2021
3410
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд бизнес ва туризм маркази барпо этилади, 50та электробус олиб келинади

Самарқанднинг асосий драйверларидан бири бўлган туризм соҳасида 40 минг киши бандлиги таъминланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашувда маълум қилди.

“Вилоятни юртимизнинг “Туризм дарвозаси”га айлантириш орқали келгуси беш йилда туризм хизматлари ҳажми камида 10 баробарга оширилади. Бунда, 600 дан ортиқ янги меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, ётоқ ўринлар сони 22 мингтага етказилади.

Вилоятда Халқаро кулинария ва сервис мактаби ташкил этилиб, ўқитишга Франция, Италия, Япония, Туркиядан етакчи рестораторлар жалб этилади. Шунингдек, Халқаро гастрономик фестиваль ташкил этилади.

Самарқанд халқаро аэропортига парвозлар сонини 7 баробарга ошириб, йўловчилар оқими эса йилига 220 мингдан 1,5 миллион нафарга етказилади. Самарқандда хаб бўлади. Навоийга шунча уриндик, лекин натижа кўнгилдагидек эмас. Самарқандда албатта эплаймиз. Чет элдан хусусий самолётлар ҳам учиб келишади.

Келгуси йилда 212 гектар ер майдонида “Самарқанд бизнес ва туризм маркази” барпо этилади. Унда, халқаро конгресс маркази, “Абадий шаҳар” карвонсарой мажмуаси, 8 та меҳмонхона, дам олиш ва кўнгилочар объектлар, ҳунармандчилик маркази, сунъий сув ҳавзалари қурилади. Бу орқали 5 мингдан зиёд ёшлар бандлиги таъминланади. 

Келгуси йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг имтиёзли маблағлари ҳисобига 50 та электробус олиб келинади. Умуман, вилоятга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сони йилига 5 миллионга етади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид