Ўзбекистон | 12:56 / 24.09.2021
4641
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятини ривожлантириш учун 41 триллион сўм йўналтирилади - Президент

Келгуси беш йилда Самарқанд вилоятини ривожлантириш учун давлат ҳисобидан 41 триллион сўм йўналтирилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Қўшимча 30 минг гектар янги ер майдони ўзлаштирилиб, мева-сабзавот, доривор ва озуқа экинларини етиштириш учун танлов асосида ажратилади. Бунда, электр тортиш ва қудуқ қазиш харажатларининг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилади.

Пайариқ, Қўшработ, Иштихон, Нарпай, Булунғур ва Ургут туманларининг лалми ерларида 19 минг гектар интенсив боғ ва 18 минг гектар токзор барпо этиш орқали қўшимча 40 минг иш ўринлари яратилади.

Мисол учун, Иштихонда 100 гектар майдонда токзорлар “тайёр ҳолда” аҳолига 7 йил муддатга лизинг асосида берилади. Бунда, янги боғ ва токзорлар учун ер солиғини тўлашдаги имтиёзли давр 3 йилдан 5 йилга узайтирилади.

Бандлик жамғармасидан 50 миллиард сўм ажратиб, 5 мингдан зиёд аҳоли томорқасида енгил конструкцияли иссиқхоналар қурилади. Шунингдек, мева-сабзавотни қайта ишлаш кластери фаолияти йўлга қўйилади.

Нуробод, Қўшработ ва Каттақўрғонда 18 минг гектар лалми ер майдонлари ўзлаштирилиб, қўй ва эчкичилик кластерлари ташкил этилади. Бундан ташқари, камида 500 бош қорамол бўлган 48 та йирик чорвачилик комплекслари ишга туширилади ва янги ўзлаштириладиган 2,4 минг гектар озуқа учун ажратилади. 

Тойлоқ, Самарқанд, Оқдарё, Каттақўрғон ва Нурободда паррандачилик кластерлари ташкил этилиб, 50 минг тонна парранда гўшти етиштирилади. Доривор ўсимликларни етиштириш мақсадида, Қўшработ, Нуробод, Пайариқ, Иштихон ва Ургутда заъфарон ва лаванда плантациялари ташкил этилади.

Ирригация соҳасида 145 миллион доллар ҳисобига, 69 та насос станцияси модернизация қилинади ва 48 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланади. Шу билан бирга, “Булунғур” сув омборида қурилиш ишлари якунланиб, Булунғур, Пайариқ ва Жомбой туманларида 36 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланади.

Умуман олганда, келгуси беш йилда Самарқанд вилоятини ривожлантириш учун давлат ҳисобидан 41 триллион сўм йўналтирилади. Бу рақамларнинг ҳаммаси аниқ, маблағнинг манбаси аниқ. Мана, ҳоким ўтирибди, ҳар бирини қаердан олишни тушунтириб берганман. Ҳаммасининг таги бор, энди уни амалга ошириш керак”, деди Шавкат Мирзиёев.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид