Ўзбекистон | 13:22 / 24.09.2021
5675
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда йирик «мега-лойиҳалар»нинг ишга туширилиши вилоятни «Инновацион саноат хаби»га айлантиради - Шавкат Мирзиёев

Келгуси 5 йилда Самарқандда бир қатор йирик “мега-лойиҳалар”нинг ишга туширилиши вилоятни мамлакатнинг “Инновацион саноат хаби”га айлантиради. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Келгуси беш йилда вилоятда 8 миллиард долларлик 5,5 мингдан зиёд катта-кичик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 250 минг доимий иш ўринлари яратилади. Ушбу лойиҳалар вилоят учун “драйвер” ҳисобланган тармоқларда амалга оширилади.

Жумладан, тўқимачилик саноатида беш йилда умумий қиймати 750 миллион долларлик 182 та лойиҳалар ишга туширилиб, 19 мингта янги иш ўринлари яратилади ва ип-калавани қайта ишлаш даражаси 100 фоизга етказилади.

Қурилиш материаллари саноатида Нуробод, Қўшработ, Нарпай, Паст Дарғом, Пахтачи туманлари ва Каттақўрғон шаҳрида 1,4 миллиард долларлик 21 та лойиҳа амалга оширилиб, 10 мингта иш ўрни ташкил этилади.  

“Ургут” эркин иқтисодий зона тажрибасидан келиб чиқиб, Паст Дарғом, Жомбой, Самарқанд туманлари ва Самарқанд шаҳрида электротехника соҳасида 200 миллион доллар инвестициялар ҳисобига 4,5 минг иш ўринлик алоҳида саноат кластери ишга туширилади. Натижада, вилоятда маиший техника ишлаб чиқариш ҳажми 10 баробарга, экспорти 6 баробарга оширилади.

Шунингдек, чарм-пойабзал ва ипакчилик саноатларида 260 миллион долларлик 52 та лойиҳалар амалга оширилиб, 10 мингта янги иш ўринлари ташкил этилади. Вилоятнинг аҳамиятли соҳаларидан бири – мева-сабзавотни қайта ишлаш саноатида 75 та лойиҳа амалга оширилиб, 180 миллион доллар инвестициялар ўзлаштирилади ва 5 мингта доимий иш ўринлари яратилади. Энг муҳими – вилоятда етиштириладиган мева-сабзавотларнинг қайта ишлаш даражаси 50 фоизга етказилади.

Келгуси 5 йилда Самарқандда бир қатор йирик “мега-лойиҳалар”нинг ишга туширилиши вилоятни мамлакатимизнинг “Инновацион саноат хаби”га айлантиради. Жумладан, Самарқанд металлургия заводида 300 миллион доллар инвестиция ҳисобига, металлургия кластери ташкил этилади. Кластерда ҳар йили 870 минг тонна металл маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Худди шундай, “Самавто” корхонасида келгуси йилда 50 миллион доллар инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобига автобус, юк ва махсус автомобилларни ишлаб чиқариш 2,5 баробарга оширилади (4 мингдан 10 мингтага). Шунингдек, “УрГаз карпет” ва “САГ” корхонаси негизида сунъий толадан то тайёр гилам ва тўқимачилик маҳсулотларигача ишлаб чиқариш жараёнини қамраб олган 500 миллион долларлик кластер барпо этилади. Натижада, 5 мингта янги иш ўринлари яратилади ва 250 миллион долларлик  қўшимча экспорт ҳажмлари қўшилади.

Ушбу йирик лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида, Ўзбекистон Тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси томонидан тузиладиган “Миллий саноат холдинги” маблағлари жалб этилади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид