Ўзбекистон | 14:26 / 25.09.2021
4308
1 дақиқада ўқилади

8 ойда ЙТҲларда 1484 нафар инсон ҳалок бўлган. Ўлимларнинг 599таси тезликни ошириш билан боғлиқ – Русланбек Давлетов

Адлия вазири Ўзбекистонда 2021 йилнинг ўтган 8 ойида жами 5746 та ЙТҲ содир бўлиб, уларда 1484 нафар инсон ҳалок бўлганини, ЙТҲларнинг 35 фоизи тезликни ошириш оқибатида юз берганини маълум қилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати Kun.uz’га хабар бермоқда.

24 сентябрь куни Қонунчилик палатаси мажлисида маъруза қилган адлия вазири Русланбек Давлетов мамлакатда ҳайдовчилик маданияти қониқарли эмаслиги, шу сабабли кўплаб автоҳалокатлар содир бўлаётганини қайд этди.

“Мамлакатимизда ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш ҳолати ва ҳайдовчилик маданияти ҳам етарли даражада эмас”, – деди адлия вазири.

Шу билан бирга, вазир йўл-транспорт ҳодисалари бўйича статистик маълумотларни ҳам келтириб ўтди. Унга кўра, 2021 йилнинг ўтган саккиз ойида республикада 5746та ЙТҲ содир бўлиб, уларда 5098 нафар инсон жароҳат олган.

Қўшимча қилинишича, ушбу ЙТҲларнинг 2026 таси, яъни 35 фоизи тезликни ошириш оқибатида юз берган, уларда ҳалок бўлганлар сони 599 нафар (40 фоиз) ва жароҳат олганлар сони 1660 нафарни (32 фоиз) ташкил этган.

Шунингдек, адлия вазири автомобилда тезликни оширганлик учун жаримани камайтириш назарда тутилмаётганини қайд этди.

Мавзуга оид