Спорт | 10:57 / 25.09.2021
9579
15 дақиқада ўқилади

Гвардиола Тухелга қарши мағлубиятли сериясига чек қўйишга уриниб кўради, АПЛда шимолий Лондон, А Серияда Рим дербиси. Ҳафта ўйинлари анонси

Рим дербиси, Германияда икки «Боруссия» тўқнашуви, Англияда мавсумнинг марказий ўйини – Европа ушбу ҳафтада ҳам бир қатор қизиқарли учрашувларни тайёрлаб қўйган. Қуйида эътиборингизга энг сара олти ўйин анонсини ҳавола қиламиз.

ЧЕЛСИ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (25 сентябрь, 16:30)

Европада футбол кунлари Англиянинг нафақат тур, балки йилнинг марказий учрашувларидан бири билан бошланади. Чемпионлик учун асосий даъвогар бўлган икки жамоа, Тухель ва Гвардиоланинг навбатдаги баҳси футбол марафонини бошлаб олиш учун айни муддао.

Бундеслигадаги дуэлларни ҳисобга олмасак, февраль ойида Англияга келган Томас Тухель уч марта енгиб, Гвардиолани икки совриндан мосуво қилиб улгурди. Дастлаб, Англия кубоги яримфиналида Зиёшнинг голи учрашув тақдирини хал қилган бўлса, ЕЧЛ финалида Кай Ҳаверц «Сити»нинг асосий мақсадини камида бир йилга кечиктирганди. Орада эса, ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган АПЛ ўйинида ҳам «Челси» 2:1 ҳисобида устун келганди. Яъни, уч ўйиндирки, Гвардиола Тухелнинг «Челси»сига бас кела олмаяпти.

«Челси» ўтган 5 турда атиги бир гол ўтказиб юборди ва у ҳам «Ливерпуль»га қарши ўйинда пенальтидан. «Манчестер Сити»нинг ҳимоядаги натижаси ҳам шундай, фақат, «Челси»дан фарқли равишда, «шаҳарликлар» 5 очко йўқотиб улгурдилар. Агар бу ўйинда мезбонлар ғалаба қозонадиган бўлишса, ўртадаги фарқ 6 очкога етади. Қайсидир йили, масалан, ўтган мавсумда «Манчестер Сити» учун олти очколик фарқ ҳеч нарсамасдир, аммо бу мавсум бошқача бошланди – пешқадамлар яхшигина кучайишди ва ўртамиёна жамоаларга қарши очко йўқотишлар нисбатан кам бўлиши тахмин қилинмоқда.

Ўйин олдидан «Манчестер Сити» таркиб жиҳатидан у қадар яхши ҳолатда эмас. Де Брюйне, Фоден каби футболчиларнинг етарли спорт формасига қайтмаганликларидан ташқари, жароҳатлар ҳам кўп: Гундўған, Лапорт, Стоунз, Родри, Зинченко каби футболчиларнинг муҳим ўйинга тайёр эканликлари шубҳа остида. «Челси»дан эса, Пулишичнинг қайтишига икки ҳафта бор, Маунт ва Вернерда ҳам кичик жароҳатлар бўлиши мумкин. Шунингдек, жамоалар ҳафта ўртасида Англия Лига кубогида ҳам майдонга тушганлигини эътиборга олсак, манчестерликларнинг устунлиги бор. Биринчидан, «Сити» ўз учрашувини бир кун олдин ўтказди, иккинчидан эса, уларнинг рақиби ҳам қуйи лига вакили «Уикомб» эди. «Челси» эса «Астон Вилла» билан қийин ўйинда баҳслашишга тўғри келди.

Яна бир жиҳат, умуман олганда, Гвардиола учун синов ҳафтаси шу учрашувдан бошланади. Зеро уч кун ўтиб, жамоа Чемпионлар Лигасида Парижга сафар қилса, келаси ҳафтада «Ливерпуль”га қарши сафар ўйини ҳам кутиб турибди.  

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – АСТОН ВИЛЛА (25 сентябрь, 16:30)

Бир қараганда, «Юнайтед» учун «Олд Траффорд»даги навбатдаги оддий ўйин бўлиши мумкин, аммо «Астон Вилла»нинг сўнгги ўйинлардаги салоҳияти ва умуман «МЮ»нинг ҳар қандай учрашувда ўзига муаммо яратиб олишга уста экани бу ўйинга ҳам эътибор қаратишга бизни мажбур қилади.

Бирминҳэмликлар «Челси» билан икки ўйинда ҳам яхши ҳаракат қилдилар, «Эвертон» эса ҳар жабҳада ер тишлатилди.  Грилишнинг йўқлигига аста-секин ўрганиб бораётган жамоа ҳар қандай рақиб учун қийин синовга айланиб боришяпти. Шунингдек, «Астон Вилла» 2009 йилдан бери «Юнайтед» устидан ғалаба қозона олмаяпти. Роналду «Реал»га кетганидан кейин бу жамоаларнинг илк тўқнашувида, «Олд Траффорд»да «Вилла» ғалаба қозонганди. Мана, Роналду қайтиб келгандан кейинги илк ўйин, яна «Олд Траффорд».  Орадаги 18 ўйиннинг 14 тасида «МЮ»нинг устунлиги қайд этилган.

Роналдунинг «Астон Вилла» билан ҳам ўзига хос тарихи бор. Криштиану Англияда энг кўп гол урган уч жамоа – «Ньюкасл», «Вест Ҳэм» ва «Астон Вилла» ҳисобланарди. Қизиғи, унинг АПЛ га қайтганидан кейинги тақвим айнан шу жамоаларни «МЮ»га рўбарў қилди. Роналду дастлабки икки жамоага гол уришни уддалади, энди навбат «Вилла»гами?

Сульшернинг айтишича, «МЮ»да жароҳатланганлар йўқ, аксинча, Кавани машғулотларга қайтган ва ҳатто Роналду билан тандем ҳосил қилиши ҳам мумкин. Фақатгина Маркус Рэшфорднинг қайтиши кутилмоқда ва бу воқеа катта эҳтимол билан миллий жамоалар билан боғлиқ танаффусдан кейин рўй беради. Меҳмонларда эса, муаммолар етарли. Айниқса, ўтган турда «Эвертон» дарвозасига чиройли гол урган Леон Бэйли айнан ўша учрашувда жароҳат олиб, майдонни эрта тарк этганди. Шунингдек, Трезеге ҳам бир неча ойга сафдан чиққан. Аксель Туанзебе ижара шартномасига мувофиқ ўз жамоасига қарши майдонга туша олмайди.

ИНТЕР – АТАЛАНТА (25 сентябрь, 21:00)

Контенинг кетиши, Лукакунинг сотилиши гўёки «Интер»нинг чемпионликдан кейин ҳовуридан тушганига далолат қилгандек бўлса-да, жамоанинг шашти бу мавсумда ҳам баландлиги кўриниб турибди. Миланликлар 5 турдан кейин 4 ғалаба билан фақат «Наполи»дан ортда қолишмоқда ва айниқса, Эдин Жеконинг янги жамоага тез киришиб кетгани ва тўпурарлар баҳсига қўшилиб олгани эътиборга молик. Николо Барелла эса, 4 голли узатма билан чемпионатда етакчи, хуллас «Интер» ҳозирда А Серияда энг кўп гол урган жамоа бўлиб турибди.

Бундай ўйин аслида «Аталанта»дан кутилиши керак эди, аммо бергамоликлар бироз ўзларига ўхшамаяпти. Тўғри, жамоада атиги 1 мағлубият холос, бир ғалаба билан очколар сонини «Интер»га етказиб олиш мумкин, лекин 5 ўйиндан жамоа атиги 6 гол ургани бироз кутилмаган ҳолат бўлиб турибди. «Аталанта» бу ҳафта «Интер», кейинги турда «Милан»га қарши ўйнайди, мана шу учрашувлар жамоанинг кейинги амбицияларини белгилаб берса керак. Бу ўйинлар орасида эса, муҳимлиги жиҳатдан кам бўлмаган ЕЧЛ учрашуви бор. Гасперини жамоаси ўз майдонида «Янг Бойз»ни қабул қилади.

Артуро Видал, Хоакин Корреа, Стефано Сенси – «Интер» сафида шерикларига ёрдам бера олмайдиган футболчилар. Меҳмонлардан эса, Ҳанс Ҳатебур ва Луис Муриель келаси ойда сафга қайтишади.

Ўтган мавсумда Миланда бўлиб ўтган учрашувда Шкриньярнинг голи ўйин тақдирини ҳал қилганди. Бергамодаги ўйинда эса, Лаутаронинг голига Алексей Миранчук жавоб бериб, томонлар муроса кўчасини танлашган.  

РЕАЛ – ВИЛЬЯРЕАЛ (25 сентябрь, 23:55)

Месси ва Роналду йўқ эканидан ташвишланманг, Карим Бензема иштирокидаги шоулар ҳеч ҳам кам бўлмаяпти. Мавсумни анча нурсиз бошлаган «Реал» Бенземанинг ортидан юра бошлади ва энди ҳатто Асенсиолар ҳам ҳет-трик қилиб ташлаяпти. Бенземанинг натижалари эса, умуман даҳшат – 6 ўйинда 8 гол ва 7 ассист. Европада энг яхши кўрсаткич.

Бу сафарги рақиб эса, анойи эмас. Европа Лигаси ғолиблиги орқали ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритган «Вильяреал» бу сафар Ла Лигада ҳам кучли тўртликка киришни ният қилгани шубҳасиз. Эмери шогирдлари 5 турдан кейин ҳали мағлубиятга учрамаган 5 жамоадан бири бўлиб турибди. Тўғри, дуранглар ҳаддан ташқари кўп (жамоа мавсумни 4 дуранг билан бошлади ва ўтган турдагина илк ғалабасига эришди), лекин жамоа ҳозирча атиги 3 гол қўйиб юборганини ҳам таъкидлаш керак. Фақат «Севилья» камроқ гол ўтказган холос.

Айниқса, «Реал»га қарши ўйинларда «сариқлар» жуда муносиб қаршилик кўрсата оладилар. Ўтган мавсумдаги сўнгги тур ҳам эсингизда бўлса керак, чемпионлик учун курашаётган ва фақат ғалаба қониқтирадиган «Реал» ўйин охиригача 0:1 ҳисобида ортда борган ва 5 дақиқада икки гол уриб, иродали уч очкони қўлга киритганди. 2018 йилда эса, «Вильяреал» «Бернабеу»дан уч очко олиб кетишга муваффақ ҳам бўлган.

Мезбонлар таркибида Карвахаль, Менди ва Бэйл келаси ойгача жамоага ёрдам бера олишмайди. Марсело шу кунларда машғулотларга қайтиши айтилганди, лекин бу ўйинга тайёр бўлишига ишониш қийин. Меҳмонларда мавсумни бошлаган барча футболчилар ўз ўрнида. Май ойида жароҳат олган Саму Чуквуезе тикланиб боряпти, лекин у ҳам Марсело каби бу турда майдонга қайтиши имконсиз.  

АРСЕНАЛ – ТОТТЕНҲЭМ (26 сентябрь, 20:30)

Шимолий Лондоннинг икки ашаддий рақиби янги мавсумни симметрик бошлашди ва бир нуқтага деярли келиб қолдилар. «Тоттенҳэм» дастлабки уч турда бирорта ҳам гол ўтказмай, уч ғалабага эришди ва 9 очко билан пешқадамга айланиб олганди. «Арсенал» эса, бирорта ҳам гол ура олмай, уч мағлубиятга учради ва турнир жадвали тубига тушиб кетди. Охирги турлар эса, тескари ҳаракатни кўрдик – «Тоттенҳэм» 2 ўйинда бирорта ҳам гол урмай, икки мағлубиятга учраган бўлса, «Арсенал» гол ўтказмасдан икки ғалабага эришди. Агар бу ўйинда мезбонлар ғалаба қозонадиган бўлишса, рақиблар турнир жадвалида ҳам ён қўшнига айланишади.

Аммо тан олиш керак, танганинг бошқа томони оғирроқ. «Тоттенҳэм» гарчи мағлубиятга учраган бўлса-да, «Челси» билан айниқса биринчи таймни ажойиб ўтказди ва бир қатор мутахассислар ҳам буни эътироф этишди. Нуну ўйинга тайёргарлик борасида Тухелни енгганди, фақат танаффусдаги ўзгаришлар ҳисобига «Челси» ўйинга қайтди. Аввалги мағлубиятда эса, «Кристал Пэлас»га қарши ўйинда «Тоттенҳэм» бир ўйинчи кам қолганди. «Арсенал» ғалаба қозонган икки рақиб эса, «Бёрнли» ва «Норвич» – турнир жадвалидаги сўнгги жамоалар. Яъни охирги натижалар алдаб қўймаслиги керак, жамоаларнинг ҳақиқий кучи мана шу ўзаро ўйинда яхшироқ намоён бўлади.

Ўтган мавсумдаги ҳар икки ўйинда мезбон жамоанинг қўли баланд келган. «Тоттенҳэм Стэдиум»да Сон Ҳён Мин ва Кейннинг голлари ўйин тақдирини ҳал қилган бўлса, «Эмирэйтс»да Эдегор ва Ляказетнинг голларига Эрик Ламела жавоб берганди. Жамоалар шу август ойида ҳам, мавсум олдидан ўртоқлик учрашувида куч синашишганда, Сон ягона гол муаллифи бўлди.

Дарвоқе, Ҳарри Кейн ушбу мавсум АПЛда ҳали гол ура олмаяпти. Конференциялар лигаси ва уч кун олдин Лига кубогида ҳужумчи голлар ҳисобини очишга муваффақ бўлди, балким, ўзи гол уришни яхши кўрадиган «Арсенал» дарвозасига АПЛ мавсумидаги илк голини урар?  

ЛАЦИО – РОМА (26 сентябрь, 21:00)

Рим дербиси ҳар доим, ҳар қандай ҳолатда қизиқ, аммо агар иккиси ҳам мавсумни ажойиб бошлаб, чиройли ғалабаларга эришиб, кейин кутилмаган муваффақиятсизлик туфайли, энди ўзини қайта исботлашга эҳтиёж сезиб турса, янада кўпроғини кутишга ҳақлимиз. Нафақат ғалаба, рақибдан ҳар томонлама кучли эканини исботлаш истаги Рим дербиларининг ўзига хос хусусиятларидан биридир.

«Милан»дан мағлубиятни тушунса бўлади, аммо кейинги икки турда «Лацио» «Кальяри» ва «Торино» билан ўйинларда дуранг ўйнаб, қимматли очколарни йўқотди. «Рома» эса, 1-таймни ғалаба билан якунлаган бўлса-да, «Верона»га қарши баҳсда ютқазиб қўйди. Кейинги турда «Удинезе» кичик ҳисобда мағлуб этилгани етарли эмас, «Рома» шу турларда имкон қадар очко йўқотмаслиги керак. Октябр ойида Моуриньо жамоасини «Ювентус», «Наполи» ва «Милан»га қарши учрашувлар кутиб турибди. Бу ўйинларга имкон қадар кўпроқ очко ва ишонч билан бориш керак.

Сўнгги уч мавсумда жамоалар ўзаро ўйинларида тенглик кузатиляпти. Ўтган йили ва уч йил олдин ҳар икки ўйинда ҳам мезбон жамоа ишончли ғалабага эришган бўлса, икки йил олдин ҳар икки ўйин 1:1 ҳисобида якунланганди.

«Рома» учун энг катта йўқотиш албатта, Лоренцо Пеллегринининг дисквалификацияси бўлади. Футболчи «Удинезе»га қарши ўйиннинг 89-дақиқасида майдондан четлатилганди. Бу мавсум барча мусобақаларда 6 гол ва 2 ассист билан жамоанинг энг яхши футболчиси бўлиб турган Пеллегринининг ўрни муҳим ўйинда билиниши шубҳасиз.

Табиийки, Элдор Шомуродов фактори ҳам бу ўйинга бўлган қизиқишимизни оширади. Жозе Моуриньо «Верона»га қарши ўйинда мавсумда илк маротаба майдонга ҳам Элдорни, ҳам Абраҳамни тушириб кўрди ва илк тажриба муваффақиятли чиқмади. Кейинги турданоқ эски схемасига қайтган эҳтиёткор Жозе муҳим дербида ҳам ягона ҳужумчини танлаши ва у Абраҳам бўлиши эҳтимоли катта. Шундай бўлса-да, ўйин давомида Шомуродов майдонга тушишини ва чемпионатдаги илк голини уришини тилаб қоламиз. 

БОШҚА ЎЙИНЛАР 

25 сентябрь. Специя – МИЛАН (18:00), ЛЕСТЕР – Бёрнли (19:00), ВАЛЕНСИЯ – Атлетик (19:15), Брентфорд – ЛИВЕРПУЛЬ (21:30), СЕВИЛЬЯ – Эспаньол (21:30), Боруссия М – БОРУССИЯ Д (21:30)

26 сентябрь. ЮВЕНТУС – Сампдория (15:30), БАРСЕЛОНА – Леванте (19:15), НАПОЛИ – Кальяри (23:45), ПСЖ – Монпелье (23:55)

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид