Афғонистон мен учун ҳамма нарсани англатарди

Афғонистондаги ҳаётим ёмон эмасди. Кобулда халқаро ташкилотда яхши ҳамкасблар билан, соғлом муҳитда ишлардим. Шу билан бирга, магистратурада ҳам ўқиётган эдим, битиришимга 2 ой қолганди. Бундан жуда ҳаяжонда эдим. Умуман олганда, бахтли инсон эдим. Ҳар куни тушлик танаффусида офисимиз спорт залига борардим. Тушдан кейин турмуш ўртоғим билан уйимиз яқинида қаҳвахонага бориб турардик. Дам олиш кунлари бир гуруҳ дўстларимиз билан йиғилишиб, мароқли дам олар эдик. 

Мени мамлакатнинг хавфсизлик ҳолатигина ташвишга соларди, аммо бунга ҳам кўникиб қолгандим. Кобулни яхши кўрардим. Ҳеч қачон ўз ватанимни тарк этишни хоҳламаганман. Айрим дўстларим Афғонистоннинг келажаги йўқ, дейишганда жилмайиб туриб шундай жавоб қайтарардим: “Келажакда нима бўлишини ҳеч ким билмайди!” Афғонистон мен учун ҳамма нарсани англатарди. Ватанимни севардим.

Бир неча йил ишлаганимдан сўнг уй сотиб олдим ва бир неча ой давомида унинг дизайни билан шуғулландим. Тез орада янги уйимга кўчиб ўтиш режам бор эди. Толиблар Кобулга келганидан сўнг дарҳол квартирамга кўчиб ўтдим, чунки етти йил давомида бир жойда яшаганим учун ҳамма кимлигим, қаерда ишлашимдан хабардор, бу эса хавфли эди. Қўрқув ичида квартирамда бир неча кун яшай олдим, холос. 

Кобулдан кетган куним ўзимни қандай ҳис қилганимни фақат Аллоҳ билади. Мен кўп йиллар давомида Ватаним равнақи учун астойдил меҳнат қилдим. Афғонистоннинг кўп вилоятларига саёҳат қилдим, турли одамлар ва жамоалар билан учрашиб, уларнинг умидлари, дардларини тингладим. Ҳар доим юртим ва халқимнинг аҳволини ўзгартиришни хоҳлардим. Лекин охирги 11 йил давомида қилган меҳнатимни, қурган ҳамма нарсамни ташлаб, кўзларим тўла ёш ва вайрон бўлган қалбим билан Ватанни тарк этишга мажбур бўлдим.

Бутун ҳис-туйғуларим, қувончимни Кобулга ташлаб, янги ҳаёт бошлаш учун Канадага келдим. Ҳаётим бир кун ичида остин-устун бўлди: ҳамма нарсамни йўқотдим. Балки, бу ерда мени яхшироқ ҳаёт ва келажак кутаётгандир, лекин ишончим комилки, Кобулда қолиб кетган туйғуларим бошқа қайтмайди. Биз ҳаётимизни бузганларни ҳеч қачон кечирмаймиз!

Ҳар қаёққа югураётган одамлар юзидаги қўрқувни ҳеч қачон унутолмасам керак

Бир ой ичида Афғонистоннинг аксарият шаҳарлари, жумладан, Кобул «Толибон»га таслим бўлди. Бир неча кун олдин Ҳиротда ва унинг атрофида уруш бўлаётганидан жуда хавотирда эдим, чунки мен ўзим Ҳирот шаҳриданман, ўша кунлардаги ҳолат мени қаттиқ хавотирга солар эди. «Толибон» Ҳиротни қўлга киритганида, вужудимнинг бир қисмини йўқотгандек ҳис қилдим.