Ўзбекистон | 20:05 / 28.09.2021
13476
6 дақиқада ўқилади

“Сиёсат ўзгармагунча фуқаролик берилмайди, дейишарди”. Ўзбекистон фуқаролигини олганлар "аросат"даги даврларини хотирлашди

Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йили мобайнида атиги 482 киши республика фуқаролигига қабул қилинган бўлса, ўтган 5 йил ичида 70 мингга яқин кишига Ўзбекистон фуқаролиги тақдим этилди.

1991 йил 31 сентябр. Ўзбекистон парламенти давлат мустақилигини эълон қилди. Республикада яшаётган ёш-у қари, барча ўз-ўзидан янги бир давлат фуқароси сифатида эътироф этилди. Аксар кўпчилик бундан хурсанд эди албатта.

Аммо, кўплаб ватандошларимизда фуқаролик масаласи муаммо бўлиб қолди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида бунга парво қилмаганлар учун бу неъмат йиллар ўтиб ҳаёт-мамот масаласига айланиб борди. Ҳаддан ортиқ бюрократияни деб шу заминда туғилиб ўсган не-не инсонлар аросатда қолгани ҳам бор гап.

Анвар Шамаров

«1984 йилда Тошкент туманида дунёга келдим. 2001 йили ўрта мактабни битирдим ва барча муаммо шундан кейин бошланди. Менга фуқаролик берилмаслиги сабаби сифатида ота-онамнинг Қозоғистон фуқароси эканлиги кўрсатилган. Лекин, “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонунда республика фуқаролигини олиш шартларидан биринчиси сифатида шу ерда туғилганлик белгилаб қўйилган. Афсуски, бу қоида менга келганда ишламади. Алам қиладиган жиҳати шуки, тенгдошларингиз бемалол фуқаролик паспортини олади, сиз учун бу муаммога айланади.

Ўзингизни ўзбек деб ҳисоблайсиз, келажагингизни шу юрт билан боғлагансиз, бор салоҳиятингизни шу юрт учун сарфламоқчисиз, бироқ бунинг учун сизга йўл очилмаган. Қонунан ҳақингиз бор, лекин кимларнингдир, айрим шахслар ташаббуси билан рухсат йўқ.

Чет элга чиқиш учун кулранг тусдаги паспорт берилар эди. Шуни олиб Қозоғистонга бормоқчи бўлганман. Ўзбекистондан чиқишда муаммо бўлмади, Қозоғистонга кирганимдан кейин, улар мени расмийлаштириб топшириб юбормоқчи ҳам бўлишди, чунки уларга кириш учун виза олишим шарт бўлганлигини кейинроқ билдим.

2006 йилда хусусий корхонага ишга кирмоқчи бўлганимда паспортимни сўрашган. Мен ҳужжатимни кўрсатганимда “лошадиний паспорт”ми деган. Мен ҳайрон бўлдим. Тушунмадим ҳам нималигини. Шунда у киши “ипподромда пойга чопадиган отларнинг ҳам шунга ўхшаш паспорти бўлади. Сенда ҳам шунақа, Ўзбекистонда фақат яшаш ҳуқуқига эгасан, бошқа ҳуқуққа эга эмассан”, деганди.

2005 йилда юқори лавозимли бир киши билан кўришиб, шу кишидан сўраганман фуқаролик олиш имкониятимни. У киши жилмайиб, сизга ўхшаганлар кўп, сизлар қачонки сиёсат алмашса, фуқаролик олишингизлар мумкин, деб 25 йил президентлик қилган инсоннинг суратига ишора қилган эди», - деб сўзлаб берди Анвар Шамаров.

1994 йили Ўзбекистонга келин бўлиб тушган қирғизистонлик Мирзаҳматова Жирғал ҳам бир неча фарзандли бўлганига қарамай, фуқаролик олиш масаласида унинг дардини ҳеч ким тингламаган. Фуқаролиги бўлмагани боис, ўз юртига, яқинларини зиёрат қила олмаган. У 2012 йилда отасининг жаназасига ҳам боролмаганини алам билан ёдга олади.

Жирғал Мирзаҳматова

«Отам ўтмасдан олдин, кунига қўнғироқ қиларди, “мазам йўқ, қизим, келасанми”, дерди. 2012 йил янги йил кунлари, отам роса чақирди, боролмадим, ўтиб кетди. Энди у ҳолимни айтиш қийин», - дейди қирғизистонлик Мирзаҳматова Жирғал.

2016 йил сентябридан кейингина Ўзбекистонда фуқаролиги йўқ шахслар сифатида яшаб келаётганларнинг шикоятлари тингланди, бу борада мавжуд муаммо олий даражада эътироф этилди. Соҳада том маънода ислоҳот бошланди.

Албатта, дастлаб, бу борада ҳам шошма-шошарликка йўл қўйилмади. 1995 йилга қадар Ўзбекистонга кириб келганларга фуқаролик тақдим этиш масаласи эҳтиёткорлик билан кўриб чиқила бошланди.

Кейинчалик, фуқаролик ва миграция масалаларида қатор ўзгаришлар амалга оширилгач, 2005 йилгача Ўзбекистонга кўчиб келиб, фуқаролиги йўқ шахс сифатида истиқомат қилиб келаётганларга президент қарорисиз, соддалаштирилган тартибда фуқаролик бериш тартиби жорий этилди.

Янги таҳрирда қабул қилинган қонунда, 2005 йилгача қадар Ўзбекистонга келиб, шу ерда муқим яшаб келаётганлар ёхуд 15 йил мобайнида Ўзбекистонда доимий яшаганларга Ўзбекистон фуқаролиги автоматик тарзда берилиши белгиланди.

Икромжон Азизов

«Фуқаролик масаласи бўйича йиллар давомида мурожаат қилдик. 1996 йилда доимий яшаш учун рўйхатдан ўтган бўлсак, 2003 йилда фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномасини олганман. Андижон давлат университетида дарс ўтаётганимда фуқаролиги йўқ шахслар ҳақида саволлар бўлиб қолса, талабаларга ўзимни мисол келтирар эдим, аммо ўзимга жуда оғир ботарди.

Президент ташаббуси билан Ўзбекистон фуқаролигини олдим, беҳисоб шукр. Бошидан ўтказган табиб, дейишади. Осонгина фуқароликни олганлар мен ҳис қилиб турган туйғуларни билмаслиги мумкин. Мен эса, бу нарсанинг иссиқ-совуғини ўтказдим. Шу боис, Ўзбекистон фуқароси деган мақом шарафли мақом эканини яхши туяман», - деди Икромжон Азизов Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Келинг, сўнг сўз ўрнида, бу борада ислоҳотлар ўз вақтида ўтказилганининг бир далили сифатида шунчаки статистик маълумотларни кўриб чиқсак.

 Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси тақдим этган маълумотлардан кўриш мумкинки 2017-2021 йиллар мобайнида 66 минг 147 кишига Ўзбекистон фуқаролиги берилган.

Қанчалик ажабланарли бўлмасин, 1992-2016 йилгача атиги 482 киши Ўзбекистон фуқароси бўла олган. Эътибор беринг, 25 йил, чорак аср давомида атиги 482 киши фуқароликка қабул қилинган. Айтиш мумкинки, шунча йиллар мобайнида фуқаролик олишга доир катта ҳарфлар билан белгилаб қўйилган меъёрлар амалда ишламади.

БМТнинг қочоқлар масалалари бўйича агентлигининг 2014 йилдан кейинги даврга тегишли маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2014 йилдан сўнг 108 535 киши фуқаролиги йўқ шахс сифатида истиқомат қилиб келган. 2020 йил 1 январ ҳолатида бу рақам 93 минг 950 кишини ташкил этган.

Ички ишлар вазирлиги тақдим этган рақамлар билан қиёсланадиган бўлса, бугунги кунда 28 мингга яқин киши фуқаролиги йўқ шахс сифатида яшаб келмоқда.

Бу эса бошланган ислоҳотлар ҳали якунига етмаганини, олдинда қилинадиган талайгина ишлар мавжудлигини кўрсатади.

Мавзуга оид