Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трампнинг миграция пакети Сенатдан ўтмади
АҚШ Сенатида 21 май куни президент Дональд Трампга қарши камдан-кам учрайдиган сиёсий демарш юз берди: унинг ўз партиядошлари — республикачилар Трампнинг миграция соҳасидаги асосий ташаббусини блоклаб қўйди. Шу тариқа иммиграция ва чегара хизматларига қўшимча қарийб 70 миллиард доллар ажратишни назарда тутувчи қонунчилик пакети қабул қилинмай қолди.
Фото: REUTERS
Натижада Сенатдаги республикачилар етакчиси Жон Тун овоз беришни ўтказмасдан сенаторларни парламент таътилига чиқарди. Таътил келаси ҳафта охиригача давом этади.
Асосий баҳс мавзуси — Трамп тарафдорлари учун мўлжалланган тахминан 1,8 миллиард долларлик компенсация жамғармаси бўлди. АҚШ Адлия вазирлиги бу жамғарма ҳақида 18 май куни маълум қилган ва уни охирги дақиқада миграция пакетига киритган.
Бу маблағлар Жо Байден маъмурияти даврида “сиёсий таъқибга учраган” деб ҳисобланган шахсларга тўланиши режалаштирилган.
Компенсация олувчилар қаторида 2021 йил 6 январда Вашингтондаги Капитолийга ҳужум қилишда айбланиб судланган ва кейинчалик Трамп Оқ уйга қайтгач афв этган унинг юзлаб тарафдорлари ҳам бўлиши мумкин.
Демократлар мазкур жамғармани “пора жамғармаси” деб атади. Шу билан бирга, бу ташаббус республикачиларнинг ўзи ичида ҳам норозилик уйғотди.
Айрим республикачи сенаторлар компенсация жамғармаси ноябрь ойида бўлиб ўтадиган оралиқ Конгресс сайловлари арафасида сайловчилар томонидан салбий қабул қилиниши мумкинлигидан хавотирда.
Кўплаб америкаликлар Эрон билан уруш туфайли ёнилғи ва озиқ-овқат нархлари кескин ошиб кетганидан шикоят қилмоқда. Бироқ Трамп бу масала унинг асосий устувор йўналиши эмаслигини бир неча бор билдирган.
Шунингдек, республикачиларнинг бир қисми Трампнинг Оқ уй ёнида катта бал зали қуриш режасидан ҳам норози бўлди. Миграция пакетига президент хавфсизлик хизмати эҳтиёжлари учун қўшимча 1 миллиард доллар ҳам киритилган бўлиб, келажакда мазкур объект хавфсизлигини таъминлаш ҳам шу хизмат зиммасига тушади.