Ўзбекистон | 12:56 / 30.09.2021
20432
2 дақиқада ўқилади

«Бунёдкор» стадиони автотураргоҳида вояга етмаган қизлар ўртасида жанжал юз берди

Ижтимоий тармоқларда бир неча қизларнинг ўзаро жанжали акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ўтказилган текширув натижаси бўйича расмий маълумот берди.

Билдирилишича, жорий йилнинг 28 сентябр куни соат тахминан 17:30ларда вояга етмаган, 2004 йилда туғилган Ш.Я. танишлари билан Чилонзор туманидаги «Бунёдкор» стадиони олдидаги автотураргоҳда учрашиб, вояга етмаган, 2004 йилда туғилган Р.Б. уни ижтимоий тармоқлар орқали ҳақорат қилгани учун муносабатларни ҳал қилиб олмоқчи бўлган. Оғзаки тортишув ўзаро жанжалга айланиб кетган ва Ш.Я. таниши Р.Б.ни урган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан текширув ўтказилаётгани, якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши айтилган.

“Ҳурматли ота-оналар! Сўнгги кунларда вояга етмаганлар кўчада учрашиб, муносабатларни ҳал қилиб олмоқчи бўлаётгани, бундай можаролар жанжалга айланиб кетаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Фарзанд тарбиясига ота-она ёки унинг ўрнини босувчи шахслар масъул эканини унутманг. Агарда сиз, вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларингизни бажармасангиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилишингиз мумкин”, дейилади ИИББ хабарида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид