Спорт | 15:43 / 30.09.2021
25118
15 дақиқада ўқилади

Роналду рекорд ўйинида ғалаба голини урди, амалдаги чемпион мағлубиятга учради, «Барса»да «барқарорлик». ЕЧЛ ўйинлари якунлари

Чемпионлар лигасининг чоршанба оқшомида ўтказилган 2-тур ўйинлари ҳақида.

10 сонияда урилган гол

Чемпионлар лигаси. Гуруҳ босқичи. 2-тур. Н гуруҳи
«Ювентус» (Италия) — «Челси» (Англия) — 1:0
(0:0)
Гол: Кьеза, 46.
«Ювентус»: Шченсни, Бонуччи, Данилу, Алекс Сандру, де Лигт, Рабьо (Маккенни, 77), Локателли, Бентанкур (Кьеллини, 83), Куадрадо, Бернардески (Кулушевски, 65), Кьеза (Кин, 77).
«Челси»: Менди, Тиагу Силва, Аспиликуэта (Лофтус-Чик, 62), Алонсо (Чилуэлл, 46), Рюдигер, Кристенсен (Баркли, 75), Ковачич, Жоржиньо (Чалоба, 62), Зиёш (Ҳадсон-Одои, 62), Ҳаверц, Лукаку.
Огоҳлантиришлар: Алонсо, 18. Зиёш, 61. Рюдигер, 65. Куадрадо, 89.
Ҳакам: Ҳил Мансано (Испания).
29 сентябрь. Турин. «Алльянц» стадиони.

Гуруҳ фаворитлари ўзаро учрашувдан олдин йўқотишларга учраганди. Туринликлар сафида ҳужумчилар Дибала ва Мората жароҳатланган, кўклар сафида Канте коронавирус юқтириб олганди. Амалдаги чемпионлар захира ўриндиғи кучлироқ эканидан келиб чиққан ҳолда уларга осонроқ бўлиши кутилганди, аммо ички чемпионатда муаммоларга учраётган «Юве» бу ўйинда кескинроқ ҳаракат қилди, классик марказий ҳужумчисиз қолган Аллегри ҳужум учлигидаги футболчиларнинг  тезкорлигига таянди.

«Кекса синьора» танаффусга қадар ҳам голли вазиятларга эга бўлганди, танаффусдан қайтилгач 10 сония (айрим маълумотларга кўра 9) ўтиб майдон эгалари таркибидаги энг фаол икки футболчи — Бернардески ва Кьеза — турнир тарихида гуруҳ босқичи ўйинларида иккинчи бўлимларда урилган энг тезкор голни ташкиллаштиришди. Рақиб дарвозаси ишғол этилгач, итальянлар ўз дарвозаси дахлсизлиги учун қайғуришди. Жамоа ўйин охирига қадар бор кучи билан ўйнади ва бу вазифани уддалади. Кьеллини, «бьянконери» сафида 450-ўйинда майдонга тушган Бонуччи — барчасини идеал тарзда бажаришди. Афтидан, Массимилиано Аллегри мухлислар соғиниб қолган «Ювентус»ни қайтармоқда.

«Зенит» (Россия) — «Мальмё» (Швеция) — 4:0 (1:0)
Голлар: Клаудиньо (Дуглас Сантос), 9 (1:0). Кузяев (Ракицкий), 49 (2:0). Сутормин (Ракицкий), 80 (3:0). Вендел, 90+4 (4:0).
«Зенит»: Крицюк, Барриос, Чистяков, Ракицкий, Сутормин (Кравцов, 84), Вендел, Кузяев (Ерохин, 75), Дуглас Сантос (Мостовой, 84), Малком, Дзюба (Круговой, 84), Клаудиньо (Озмун, 75).
«Мальмё»: Далин, Ларссон, Аҳмадҳожич, Нильсен, Брорссон (Эйле, 88), Бергет, Кристиансен, Инносент (Пенья, 62), Ракип (Ольссон, 55), Чўлоқ (Абубакари, 62), Бирманчевич (Налич, 88).
Огоҳлантиришлар: Ракип, 30. Брорссон, 86.
Четлатиш: Аҳмадҳожич, 53.
Ҳакамлар: Сидиропулос. Димитриадис, Костарас (барчаси — Греция).
29 сентябрь. Санкт-Петербург. «Газпром Арена» стадиони.

Сергей Семак «Зенит»ни сўнгги вақтларда уч марказий ҳимоячили схемада ўйнатмоқда. У бу сафар ҳам ўзгариш қилмади: ички чемпионатнинг охирги турида «Крылья Советов»га қарши тушган бошланғич таркиб такрорланди, Озмун 90 дақиқа ўйнашга тайёр ва Ловрен заявкага қайтган бўлса-да. Аммо мураббий иш бериб турган тактикани ўзгартирмасликка қарор қилди.

Мезбонлар ўйин стартидаёқ ҳисобни очишди, шведлар бўлим давомида ҳисобни тенглаштиришга бир неча марта яқин келишди, аммо петербургликлар устунликни сақлаб қола олишди. Иккинчи бўлим бошида ҳам тезкор гол урилди, кўп ўтмай меҳмонлар бир киши кам бўлиб қолишди ва амалда учрашув тақдири ҳал бўлди. Ўйиннинг сўнгги қисмида икки гол билан ҳисоб йирик кўринишга келди.

20 октябрь. «Зенит» — «Ювентус», «Челси» — «Мальме».

«Барселона»да яна 0:3, «Бавария» Киевнинг «Динамо»сини аямади

Е гуруҳи
«Бенфика» (Португалия) — «Барселона» (Испания) — 3:0 (1:0)
Голлар: Нуньес, 3 (1:0). Рафа Силва, 69 (2:0). Нуньес, 79 — пенальти (3:0).
«Бенфика»: Влаходимос, Вертонген, Отаменди, Гримальдо (Андре Алмейда, 75), Вериссиму, Жоау Мариу, Рафа Силва (Пицци, 86), Вайгль, Лазаро (Жилберту, 45+1), Яремчук (Таарабт, 76), Нуньес (Рамуш, 86).
«Барселона»: тер Штеген, Пике (Гави, 33), Сержи Роберто (Мингеса, 89), Гарсия, Араухо, Дест, Бускетс (Коутинью, 68), Ф.де Йонг, Педри (Гонсалес, 68), Л.де Йонг (Фати, 68), Депай.
Огоҳлантиришлар: Пике, 12. Отаменди, 33. Гарсия, 54. Рафа Силва, 56. Гримальдо, 62. Вайгль, 72. Дест, 78. Гонсалес, 86.
Четлатиш: Гарсия, 87.
Ҳакам: Орсато (Италия).
29 сентябрь. Лиссабон. «Да Луш» стадиони.

Жиддий инвестицияларсиз қайта қуриш ишларини ўтказиш имконсиз бўлган клубдаги қийин вазиятни муҳокама этар экан, бош мураббий Роналд Куман Чемпионлар лигасида мўъжиза кутмасликка чақирганди. Аммо буни ҳеч ким Лиссабонда илк дақиқалардан гол ўтказиш даражасида тушунмаганди, Нуньес ўз солоси билан каталониялик ҳимоячиларни машғулотлардаги манекенларга айлантирди ва ўйиндаги биринчи зарбани голга айлантирди.

Кўк-анорранглилар, албатта, ҳужумларга чиқди, аммо мезбонларнинг уругвайлик ҳужумчиси қанчалик мураккаб вазиятдан ҳисобни очган бўлса, Люк де Йонг шунчалар идеал вазиятни кўкка совурди. Нидерландиялик ҳужумчи Араухо қулай ташлаб берган тўпни шунчаки дарвоза тўрига жойлаб қўйиши талаб этилганди. Ҳакам бу вазиятда офсайдни кўрсатди, аммо агар тўп дарвоза тўрига кирганида VAR ҳакамнинг қарорини қўллаб-қувватламаган бўлиши мумкин эди. Португалиялик статистиклар ҳайратланарли фактни қайд этишган: «Бенфика» «Барса»га қарши ўйинларда танаффусга ғолиб сифатида чиқиб кетиши сўнгги бор 1961 йилги Чемпионлар кубогида рўй берган.

Иккинчи бўлимда «бургутлар»нинг ўйини, айниқса, Рафа Силванинг голи урилган ҳужум каталонияликлар клубининг энг яхши даврларини ёдга солиб юборди. Дестнинг қўлига тўп тегиб, пенальти белгиланиши даҳшатнинг давомига айланди — «Барса» турнир стартида қаторасига икки ўйинда 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди, энди Куманнинг истеъфоси муқаррар бўлиб бормоқда. Ёки шу кунларда, ёки «Атлетико»га қарши ўйиндан кейин у кетиши кутилмоқда, инсайдерлар терма жамоа ўйинлари учун ажратилган танаффусдан кейин жамоани бошқа мураббий бошқара бошлашини айтишмоқда.

«Бавария» (Германия) — «Динамо» К (Украина) — 5:0 (2:0)
Голлар: Левандовски, 12 — пенальти (1:0). Левандовски, 27 (2:0). Гнабри, 68 (3:0). Сане, 74 (4:0). Шупо-Мотинг, 87 (5:0).
«Бавария»: Нойер, Зюле, Эрнандез, Упамекано, Дэйвис (Павар, 69), Горецка (Забитцер, 80), Киммих, Левандовски (Сарр, 79), Мюллер, Гнабри (Мусиала, 69), Сане (Шупо-Мотинг, 79).
«Динамо» К: Бушчан, Шабанов, Тимчик (Кендзера, 46), Миколенко, Забарний, Гармаш (Караваев, 70), Сидорчук, Андриевский, Шапаренко (Шепелев, 46), де Пена, Циганков (Супряга, 70).
Огоҳлантиришлар: Тимчик, 37. Эрнандез, 90.
Ҳакам: Гвида (Италия).
29 сентябрь. Мюнхен. «Алльянц Арена» стадиони.

Киевликлар Мюнхенда узоқ вақт бардош бера олишмади. Тўп Сидорчукнинг қўлига теккач, Левандовски яна гол уришга киришди - у ўтган ҳафта жума куни ички чемпионат ўйинида «Гройтер» дарвозасини ишғол қилолмай, кутилмаганда голли сериясини тўхтатганди. Лекин поляк форварди бир жиҳатда барқарорлик намойиш этмоқда: у йил бошидан буён «Бавария» майдонидаги бирор учрашувни голсиз тарк этмаган.

Чоршанба куни Леви икки гол урди, лекин жамоа бу билан кифояланмади. Юлиан Нагельсманн бошқарувида мюнхенликлар янада кучлироқ ўйин намойиш этишмоқда ва жамоада барчаси ўхшамоқда. Гнабри тезкор қарши ҳужум якунида ўз услубида гол урди, Сане ижросидаги қанотдан узатма ҳам дарвоза тўридан жой олди. «Бавария»нинг янги версияси Мюнхенга «Қулоқли кубок»ни олиб борган Юпп Ҳайнкес ва Ҳанс Фликнинг жамоаларига тобора ўхшаб бормоқда.

20 октябрь. «Бенфика» — «Бавария», «Барселона» — «Динамо» К.

Сульшер Эмеридан қасос олди

F гуруҳи
«Манчестер Юнайтед» (Англия) — «Вильярреал» (Испания) — 2:1 (0:0)
Голлар: Пако Алькасер, 53 (0:1). Алекс Теллес, 60 (1:1). Криштиану Роналду, 90+5 (2:1).
«Манчестер Юнайтед»: де Хеа, Варан, Алекс Теллес (Фред, 89), Линделёф, Далот, Погба (Матич, 75), Бруну Фернандеш, Мактоминай, Криштиану Роналду, Санчо (Кавани, 75), Гринвуд (Лингард, 89).
«Вильярреал»: Рульи, Альбиоль (Манди, 73), Морено (Пенья, 73), Пау Торрес, Фойт, Парехо, Капуэ, Тригерос (Эступиньян, 61), Пако Алькасер (Диа, 58), Груневелд, Пино (Мойсес Гомес, 73).
Огоҳлантиришлар: Морено, 59. Пино, 67. Гринвуд, 68. Альбиоль, 68. Алекс Теллес, 71. Пенья, 90+1. Криштиану Роналду, 90+5.
Ҳакам: Цвайер (Германия).
29 сентябрь. Манчестер. «Олд Траффорд» стадиони.

Баъзида Криштиану Роналду тарихга кириши учун шунчаки майдонга чиқиши кифоя қилади. Чоршанба оқшомида португалиялик Чемпионлар лигасидаги 178-ўйинини ўтказди ва бу борада шу вақтгача етакчи бўлиб турган Икер Касильясни ортда қолдирди. Бундан ташқари, Криш учун бу клуб миқёсидаги 900-ўйин бўлди. Аммо биринчи бўлим давомида «Олд Траффорд»да асосан Де Хеа диққат марказида турди. Испанлар ўз ватандошларини тинимсиз зарбалар остида қолдиришди ва ўзаро ўйинлардаги «қуруқ» серияни биринчи бўлиб бузишни мақсад қилган ҳолда ҳаракатланишди, чунки бу «МЮ» ва «Вильярреал»нинг ЕЧЛдаги сўнгги тўрт учрашувида голсиз дуранг ҳисоблари қайд этилганди.

«Қизил иблислар» ўз ўйинларини кўрсата олишмади, уларнинг майдондаги энг ёрқин вакили Погба эди. Лекин у ўз ўйини билан эмас, янги имижи билан. Иккинчи бўлим бошида Пако Алькасер ҳисобни очганида, бу мантиқнинг ғалабасидек эди. Лекин шу голдан кейин «МЮ» уйғонди ва стандарт вазиятдан гол уюштирилди. Бруну Фернандеш жарима зарбасини ижро этишда тўпни дарвозабон майдони сари эмас, жарима майдони ташқарисида узоқдан зарба беришга чоғланиб турган Алекс Теллесга узатди ва тўпга тўхтатмасдан зарба бериб, уни дарвоза тўрининг узоқ бурчагига жойлаштирди.

Мезбонлар ҳужумкор ўйин намойиш этишда давом этишди, Кавани идеал позициядан хато қилганида ўйиннинг асосий вақти май ойидаги Европа Лигаси финалида бўлгани каби дуранг ҳисобда якунланадигандек кўринганди. Аммо ўша ўйиндаги билан бир фарқ мавжуд эди — ўша ўйинда Оле Гуннар Сульшер ихтиёрида Криштиану Роналду бўлмаган, у эса барчасини бир омадли ҳаракат билан ҳал қилишга қодир футболчи. У бу сафарги голи билан «Олд Траффорд»ни ақлдан оздирди. «Олтин тўп»нинг олти карра соҳиби айнан шундай лаҳзалар учун «МЮ»га қайтганди.

«Аталанта» (Италия) — «Янг Бойз» (Швейцария) — 1:0 (0:0)
Гол: Пессина, 68.
«Аталанта»: Муссо, Дзаппакоста (Пеццелла, 90), Толой, Жимсити, Гозенс (Меҳле, 11), Мерих Демирал, де Рон, Малиновский (Пашалич, 74), Фройлер (Копмайнерс, 90), Пессина (Муриэль, 74), Сапата.
«Янг Бойз»: фон Балльмоос, Гарсия, Хефти (Масейрас, 83), Камара, Мартинс Перейра, Сьерро (Мамбимби, 69), Эбишер (Шпильманн, 83), Нгамале, Лаупер, Сьебатше (Ридер, 66), Элиа (Канга, 66).
Огоҳлантиришлар: Сьерро, 65. Дзаппакоста, 89.
Ҳакам: Брих (Германия).
29 сентябрь. Бергамо. «Атлети Адзурри д'Италия» стадиони.

Швейцарияликлар 1-турда «МЮ»ни ҳайрон қолдиришганди, энди эса «Аталанта»га муаммолар туғдиришди. Эҳтимол, ниҳоят ўз уй аренасида ЕЧЛ ўйинларини қабул қила бошлаган Жан Пьеро Гасперини жамоасига барчаси осонроқ кечиши мумкин эди, агар Рафаэл Толойнинг тезкор голи офсайд туфайли бекор қилинмаганида. Аммо майдон эгалари барибир «Бойз»ни Сапатанинг саъй-ҳаракатлари эвазига таслим этишди, ушбу ҳужумчи деярли имконсиз эпизодда тўп учун охиригача чопди ва уни ўйиндаги ягона гол муаллифи бўлган Пессинага етказиб берди. Эътиборли жиҳати, шу вақтгача ЕЧЛ ўйинларида «Аталанта» сафида бирор италиялик футболчи гол урмаганди - бунгача урилган барча 30 гол легионерлар ҳисобига ёзилган.

20 октябрь. «Манчестер Юнайтед» — «Аталанта», «Янг Бойз» — «Вильярреал».

«Зальцбург» — пенальтилар бўйича пешқадам

G гуруҳи
«Зальцбург» (Австрия) — «Лилль» (Франция) — 2:1 (1:0)
Голлар: Адейеми, 35 — пенальти (1:0). Адейеми, 53 — пенальти (2:0). Бурак Йилмаз, 62 (2:1).
«Зальцбург»: Кен, Ульмер, Вебер, Онгене, Кристенсен, Камара, Зейвальд, Ааронсон, Сучич (Капальдо, 71), Окафор (Шешко, 61), Адейеми (Адаму, 75).
«Лилль»: Грбич, Жозе Фонти, Тиагу Джало, Гудмундссон (Мандава, 84), Ботман, Андре, Шека (Онана, 59), Гомеш (Иконе, 60), Бурак Йилмаз, Веа (Бамба, 59), Давид (Лихаджи, 84).
Огоҳлантиришлар: Ботман, 30. Шека, 45+1. Бурак Йилмаз, 51. Адейеми, 54. Жозе Фонти, 66. Бамба, 89. Капальдо, 90+3.
Ҳакам: Халил Умут Мелер (Туркия).
29 сентябрь. Зальцбург. «Ред Булл Арена» стадиони.

«Вольфсбург» (Германия) — «Севилья» (Испания) — 1:1 (0:0)
Голлар: Штеффен, 48 (1:0). Ракитич, 87 — пенальти (1:1).
«Вольфсбург»: Кастелс, Руссийон, Мбабу (Л.Нмеча, 62), Баку, Борнау, Лакруа, Гилавоги, Арнольд, Штеффен (Вальдшмидт, 74), Вегҳорст (Герхардт, 90), Лукебакио.
«Севилья»: Буну, Хесус Навас, Акунья (Рекик, 46), Кунде, Диегу Карлос, Фернанду Режес, Хоан Хордан (Ромеро, 70), Гомес, Сусо (Ламела, 52), Окампос (Ал-Ҳаддодий, 74), Мир (Ракитич, 53).
Огоҳлантиришлар: Лакруа, 1. Штеффен, 16. Сусо, 24. Мир, 45. Мбабу, 50. Гилавоги, 79. Рекик, 82. Вегхорст, 86. Руссийон, 90.
Четлатиш: Гилавоги, 85.
Ҳакам: Кабаков (Болгария).
29 сентябрь. Вольфсбург. «Фольксваген Арена» стадиони.

Германия термаси сафида яқинда дебют қилган Адейемининг биринчи голи шуниси билан эътиборлики, «Зальцбург»нинг 19 ёшли футболчиси икки турда ўз жамоаси учун тўрт марта 11 метрли жарима зарбаси ишлаб берган, лекин биринчи турда жамоа «Севилья»га қарши ўйинда икки пенальтини хато ижро этганди. Фақат бешинчи пенальтини австрияликлар унинг иштирокисиз ишлашди, бу вазиятда тўп «жонли девор»да турган Бурак Йилмазнинг қўлига текканди. Адейеми бу ўйинда икки пенальтини ҳам аниқ ижро этди ва жамоаси ғалабасини таъминлади. Бу албатта, «Шериф» эмас, аммо G гуруҳида кутилмаган жамоа етакчига айланди.

20 октябрь. «Зальцбург» — «Вольфсбург», «Лилль» — «Севилья».

 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид