Ўзбекистон | 15:39 / 30.09.2021
13822
6 дақиқада ўқилади

Самарқандча тендерлар: тиббий жиҳозлар етказиб бериш билан шуғулланган фирмаларни “сийлаш” анъанага айланган

Яқинда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Самарқанддаги ўрганишлари давомида давлат харидларини амалга оширишда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланганини маълум қилди.

Kun.uz ўша ғайритабиий ўйинлар – давлат харидлари қандай амалга оширилганини dxarid.uz ва tender.mc.uz махсус ахборот порталига жойлаштирилган эълонлар мисолида ўрганди.

Агентлик Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан 4та лот бўйича тиббиёт ускуналарини харид қилиш учун эълон берилгани ва мазкур танловларда ғолиб бўлган корхоналар таъсисчиларининг ўзаро қариндошлик алоқалари борлигига эътибор қаратган.

Маълум бўлишича, dxarid.uz сайтига жойлаштирилган 7132781 лот бўйича тўртта корхона қатнашган. “GAMMA MED”, “SAMARQAND EKO MED”, “SAMARQAND IDEAL PHARM” ҳамда “TRADEUZ-TECHNO” масъулияти чекланган жамиятлари 1 224 050 000 сўмлик лотни ютиб олиш учун ўз таклифини берган. Натижада, Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига зарур маҳсулотларни етказиб бериш имконияти “SAMARQAND IDEAL PHARM” МЧЖга насиб қилган.

Бундай олиб қараганда, ҳаммаси рисоладагидек, ғолиб бўлган корхона бошқаларига қараганда қулай нарх таклиф қилган. Шу ўринда масаланинг парда ортида турган томонига эътибор қаратсак.

Энг қизиғи, 7132781 рақамли лот dxarid.uz сайтига 2021 йилнинг 23 июль куни жойлаштирилган. Омадли тасодифни қарангки, “SAMARQAND IDEAL PHARM” МЧЖ ҳам айнан жорий йилнинг 23 июлида ташкил қилинган. Корхона ташкил топган куниёқ “омади чопган”.

Тасодифлар шу билан тугаб қолмайди. Масалан, “SAMARQAND IDEAL PHARM” билан бирга тендерда қатнашган қолган иккита корхона - “GAMMA MED” ва “SAMARQAND EKO MED” ҳам битта манзилда рўйхатдан ўтказилган. Яъни фармацевтика товарлари улгуржи савдоси билан шуғулланувчи учта даъвогар фирма Самарқанд шаҳри, Бўстонсарой кўчаси 40-уйда жойлашган.

Тасодифларни санашда давом этамиз. Тендерда қатнашиш учун ариза берган тўртинчи фирма – Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтказилган “TRADEUZ-TECHNO” МЧЖ эса негадир 4 август куни танловда қатнашишдан воз кечган.

Энди мазкур тендерда “ҳоким” бўлиб қолган уч фирманинг таъсисчиларига эътибор қилсак. Юқорида учта корхона ҳам битта манзилда рўйхатдан ўтказилганини эслатдик. Айтиш мумкинки, “GAMMA MED”нинг уч нафар таъсисчиларидан бири “SAMARQAND EKO MED”нинг раҳбари ҳамдир. Ўз навбатида, “SAMARQAND EKO MED” таъсисчилари орасида “GAMMA MED” МЧЖ ҳам бор. Умуман, бу учта тиббий жиҳозлар етказиб беришга ихтисослашган ва бир танловда уларнинг бир вақтда ҳозир бўлиши тасодиф экани шубҳали.

Савол туғилади, бу ерда танлов ўтказилганми ўзи? Ёки шундоққина ғолиблик тақдим қилинганми?

Жорий йил 19 июль куни жойлаштирилган лотни (7132199) “GAMMA MED” МЧЖ ютиб олган. Бу сафар ҳам Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига 1 029 991 750 сўмлик тиббий маҳсулотлар етказиб берилиши кўзда тутилган. Эътиборни тортадиган жиҳат, юқорида айтганимиз 7132781 рақамли лот ғолиби бўлган “SAMARQAND IDEAL PHARM” МЧЖнинг раҳбари бу сафар “GAMMA MED” МЧЖнинг ҳуқуқшуноси сифатида баённомага имзо қўйган. Умуман, бу саналган фирмаларда бир ўринда раҳбар бўлган одам бошқасида таъсисчи, таъсисчи бўлгани бошқасида ҳуқуқшунос вазифасида ишлаган.

Шунингдек, 19 июль куни савдога қўйилган қарийб 1 млрд сўмлик лотни (7132089) “SAM MED TORG” МЧЖ ютиб олган. Айтиш мумкинки, dxarid.uzex.uz сайтида Самарқанд вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази доимий ишловчи танлов (тендер) комиссияси йиғилиши баёни жойлаштирилган бўлиб, унда ғолиб “SAM MED TORG” жамияти манзили Самарқанд шаҳри Амир Темур кўчаси 23-уй деб кўрсатилган. Аммо мазкур корхона манзили бошқа манбалар орқали текширилганда, у ҳам бизга эски таниш – Самарқанд шаҳри Бўстонсарой кўчаси 40-уйда жойлашгани маълум бўлди.

Демак, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази расмийлаштирган баённомада ғолиб корхонанинг жойлашган манзили нотўғри кўрсатилган. Англашиладики, Самарқанд вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказига тегишли мазкур лотларнинг барчаси бир манзилдаги турли номли корхоналар томонидан ютиб олинаверган. Тендер ўтказувчи марказнинг 9 нафар масъул ходимлари – доимий комиссия эса ғолиб дея, имзо қўйиб бераверган.

Яна бир ҳолат. Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг фейсбукдаги саҳифасида “Танлов баённома ва шартномалари вилоят ғазначилик бошқармасидан рўйхатдан ўтказилмай туриб бекор қилинган” сарлавҳаси билан муносабат эълон қилинди.

Тендер бекор қилингани айтилган бўлса-да, амалда бунинг ростлигига далил кўрсатилмади. Сабаби, dxarid.uzex.uz сайтида айни вақтда ҳам юқоридаги лотлар ўйналган, якунланган ва ғолиблар кўрсатилган ҳолатда турибди. Баённомалар тузилиб, шартномалар расмийлаштирилган. Танловлар ўтказилганига бир ярим ойдан ортиқ вақт ўтди. Бир кунда фирма очиб, танловда ғолиб бўла олган корхоналар тиббиёт марказига ғолиб сифатида маҳсулотларни етказиб бермаган, деб ҳам айта олмаймиз.

Қизиқ бир жиҳат бор, биз тақдим қилаётган ушбу маълумотлар жуда ҳам яширин эмас. Шунчаки, очиқ манбалардан олинган маълумотлар таҳлил қилинди, холос. Наҳотки, ўзлари тайёрлаган, имзолаган баённома ва шартномаларга Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг тендер ўтказишга масъул доимий комиссия аъзолари эътибор қилмаган? Умуман, амалда бир жамоада бўлган “тадбиркорлар” бир манзилда корхоналар ташкил қилиб, бемалол тендерларда қатнашса бундай тендерларни ўтказишдан мантиқ борми?

Kun.uz мавзу юзасидан суриштирувларини давом эттиради.

Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид