14:40 / 03.10.2021
5450

Бразилиянинг барча шаҳарларида президент Болсонаруга қарши намойишлар бошланди

Шанба куни Бразилия шаҳарларида минглаб кишилар мамлакат президенти Жаир Болсонаруга қарши намойишларда иштирок этиш учун кўчаларга чиқишди.

Фото: Reuters

Намойишлар мухолифатдаги партиялар ҳамда касаба уюшмалари томонидан ташкиллаштирилган бўлиб, навбатдаги сайловларга роппа-роса бир йил вақт қолганида ўтказилмоқда.

Болсонарунинг рейтинги доимий равишда пасаймоқда - кўплаб бразилияликлар президент коронавирус пандемиясига қарши ҳаракатсизлик қилганидан норози: айни вақтга келиб мамлакатда ушбу касаллик ва унинг оқибатларидан вафот этганлар сони 600 минг кишидан ошди.

Фаоллар президент Болсонарунинг истеъфосини талаб қилишмоқда

Норозилик акциялари мамлакатдаги 160дан ортиқ шаҳарлар бўйлаб ўтказилмоқда. Иштирокчилар қўлларида Болсонарунинг истеъфоси талаб қилинган табличкаларни кўтаришган.

«Бу президент ўзида барча қолоқликларни акс эттиради - очлик, қашшоқлик, коррупция. Биз демократияни ҳимоя қилиш учун бу ердамиз», деган «Франс-пресс» агентлигига фаоллардан бири Валду Оливейра.

Норозилик акциялари Бразилиянинг 160 шаҳрида ўтказилмоқда

Бразилия депутатлар палатасига Болсонарунинг импичменти талаб қилинган юзлаб сўровлар келиб тушган, аммо уларнинг барчаси рад этилган.

Мамлакат олий суди яқинда президентга нисбатан бир неча ҳолат бўйича текширувларга рухсат берганди.

Шанба кунги намойишлар Болсонаруни қўллаб-қувватлаб ўтказилган акциялар ортидан уюштирилди. Аввалги митинглар амалдаги давлат раҳбари ҳамон халқ томонидан қўллаб-қувватланаётганини кўрсатиш учун ҳокимият вакиллари томонидан ташкиллаштирилганди. Ҳолбуки сўнгги ижтимоий сўровларга кўра, Болсонару машҳурлик бобида собиқ президент Луис Инасио Луле да Силвадан ортда қолмоқда.

Бугунги кунда Болсонаруни қўллаб-қувватлаш рейтинги антирекорд қайд этган. Atlas Institute ўтказган сўровларга кўра, бразилияликларнинг 61 фоизи унинг ҳукумати фаолиятини салбий баҳолайди, 2019 йил январида, у энди лавозимга киришганида бу кўрсаткич 23 фоиз атрофида эди.

Top