Ўзбекистон | 15:30 / 05.10.2021
8980
4 дақиқада ўқилади

Enter Engineering: Самарқанд шаҳридаги 46- ва 9-сонли мактаблар реконструкцияси бўйича лойиҳалар якунланди

Устоз ва мураббийлар куни арафасида Самарқанддаги 46- ва 9-сонли умумтаълим мактабларининг реконструкция ва жиҳозлаш ишларидан сўнг янги, замонавий ва кўркам кўриниш касб этган ҳолда тантанали очилиши шаҳар аҳолиси учун ажойиб совға бўлди.

Тантанали очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Х.А.Очилов, вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари К.Ю.Саидов, Enter Engineering Директорлар кенгаши раисининг вакили Ў.Х.Латипов иштирок этдилар. Тадбир иштирокчиларининг кўпчилиги таъкидлаганидек, ушбу ташаббус, Президентимиз Ш.М.Мирзиёев, маҳаллий ҳокимият органлари ва Enter Engineering компанияси саъй-ҳаракатлари туфайли муваффақиятли амалга оширилди.

Лойиҳага кўра, 46-мактабдаги реконструкция ишлари 2020 йил охирида бошланган бўлиб, бу ерда қуйидаги ишлар бажарилди:

  • мактабнинг ташқи фасад қисми буткул янгиланди, ошхона, Фаоллар зали ва спорт зали қурилди;
  • иситиш тизими янгиланди, канализация тизими ўрнатилди;
  • янги мебель жиҳозлари келтирилди ва оралиқ эшиклар янгиланди;
  • интернет тармоғи ўтказилиб, видео кузатув тизими ўрнатилди;
  • синф хоналари интерактив сенсорли доскалар ва планшетлар билан жиҳозланди;
  • янги трансформатор ўрнатилди;
  • мактаб ҳудуди ободонлаштирилди, йўлкаларга махсус плиталар ва асфальт ётқизилди, мевали дарахтлар, манзарали ўсимликлар ва гуллар экилди;
  • кутубхона таъмирланиб, китоблар захираси бойитилди, дарсликлар ва бадиий адабиётлар, спорт анжомлари келтирилди.

Реконструкция ишлари натижасида шинам ва жиҳозланган синфлар сони деярли икки баробар ортгани сабабли ўқув жараёнини бир сменада ташкил этиш имконияти туғилди. Айни пайтда ушбу таълим масканида 1170 нафар ўқувчилар билим олмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 октябрдаги 4851-сон «Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IT индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижроси доирасида 2021 йил январь ойида Самарқанд шаҳридаги 9-умумтаълим ўрта мактаби Информатика ва ахборот технологияларига ихтисослашган таянч мактаби мақомига эга бўлди. Enter Engineering компанияси ёрдамида қисқа вақт ичида ушбу таълим муассасасида таълим шароитини яхшилаш лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилди.

Лойиҳа доирасида қуйидаги кенг қамровли ишлар бажарилди:

  • 11 та синф жойлашган ва яроқсиз ҳолга келган ўқув корпуси биноси тўлиқ реконструкция қилинди;
  • кутубхона, фойе ва ошхона қурилди;
  • барча синфлар ўқув жиҳозлари ва материаллари билан тўлиқ таъминланди;
  • спорт зали ва кийим алмаштириш хоналари қурилди ва жиҳозланди;
  • 9 та алоҳида иситиш қозонлари ўрнатилди.

Aйни пайтда 9-Информатика ва ахборот технологияларига ихтисослашган ушбу мактабда 1435 нафар ўқувчи таълим олмоқда.

Enter Engineering компанияси, ҳар доимгидек саховатпешалик анъаналарига содиқ қолган ҳолда, таълим соҳасида ёш авлодни қўллаб-қувватлашда давом этади. Ўқув муассасаларида яратилган ушбу қулай шароитлар Ўзбекистон ёшларининг комилликка эришиши, шахс сифатида шаклланишида таянч нуқтаси бўлиб хизмат қилади.

Enter Engineering компанияси Матбуот хизматиⓉ

Мавзуга оид