Ўзбекистонда қурилаётган 110 MW қувватли кичик атом электр станцияси қиймати 1 млрд доллардан кам бўлади. Бу ҳақда 6 октябр куни Жиззах вилоятининг Фориш туманида АЭС қурилиш майдонига уюштирилган пресс-тур давомида АЭС қурилиши дирекцияси раҳбари Абдужамил Калмуратов маълум қилди, дея хабар бермоқда Spot.
Калмуратов келажакда АЭС жойлашадиган ҳудуддаги тайёргарлик ишларининг молиялаштириш манбаси ҳақидаги саволга жавобан, лойиҳа давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилаётганини айтди.
“Ҳа, бу давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Бу – давлат лойиҳаси, тўлиқ ўзбек лойиҳаси. Молиялаштириш манбайи – бизнинг бюджетимиз. Атом лойиҳаси миллий лойиҳа бўлиши керак”, – деди АЭС қурилиши дирекцияси раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, лойиҳанинг якуний қиймати шартнома имзоланганидан кейин маълум бўлади.

Фото: Жавохир Эсонбоев / Spot
Калмуратовнинг айтишича, лойиҳа умумий қийматининг қарийб 60 фоизи қурилишнинг биринчи босқичига тўғри келади, қолган қисми эса реактор турига қараб 25–40 фоизни ташкил этади. У кичик АЭСдаги реакторлар сонининг олтитадан иккитагача қисқартирилиши лойиҳанинг умумий қийматини уч баробар камайтирмаслигини қайд этди.
“Бу ерда шунчаки учга бўлиб бўлмайди. Гап аввалги қийматнинг тахминан ярми, бироз кўпроғи ҳақида кетмоқда. Аммо [катта АЭС] билан интеграция туфайли умумий харажат яна камаяди”, – деди у ва кичик АЭС лойиҳасининг қиймати 1 миллиард доллардан кам бўлишини айтди.
Калмуратов батафсил маълумот бермади, чунки лойиҳа катта АЭС билан бирлаштирилганидан сўнг қўшимча ҳисоб-китоблар талаб этилади.
“Якуний шартномада нарх аниқ белгиланади”, – деди у.

Фото: Жавохир Эсонбоев / Spot
Март ойида “Ўзатом” директори Азим Аҳмедхўжаев ҳар бири 55 мегаваттлик 6 та РИТМ-200Н реакторларидан иборат кичик АЭС қиймати 2 миллиард доллардан кам бўлишини айтганди










