Ўзбекистон | 12:10 / 06.10.2021
1401
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда «снос» учун фуқарога бериладиган уйнинг харажати мансабдорлардан суд орқали ундирилиши маълум қилинди

Қашқадарёда «снос» учун фуқарога бериладиган уйнинг харажатини вилоят ҳокими муаммога эътиборсизлик қилган мансабдорлардан суд орқали ундирилишини маълум қилган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, 2011 йилда Қарши шаҳри Ўзбекистон кўчасида яшовчи Санобар Юлдошева яшаб турган уй «снос» бўлган ва ўрнида кўп қаватли уй қурилган. Қурувчи онахонга «снос» қилинган 12 сотих ерда жойлашган 10 хонали уй-жой ўрнига тўртта 2 хонали янги квартира берилиши ҳақида ваъда берган. Аммо кейинчалик ваъдасида турмаган. Орада бўлиб ўтган суд жараёнларида онахонга иккита икки хонали уй берилиши айтилган.

Онахон ўзига берилган уйлардан бирига кўчиб ўтиб яшай бошлаганида мазкур уйлардан бири бошқа бировга ҳам сотилгани маълум бўлади. Шундан кейин онахоннинг сарсон бўлиши бошланади. Мазкур можаро юзасидан бир неча марта суд бўлиб ўтган ва охир-оқибат С.Юлдошева ваъда қилинган тўртта уй ўрнига битта уй билан қолиб кетган.

Фуқаро ўз муаммосига ечим излаб кўплаб ташкилотларга мурожаат қилган. Муаммо ҳал бўлмагач ижтимоий тармоқлар орқали ҳам мутасаддиларга мурожаат қилган. Шунда ҳам у дуч келган муаммога ҳеч ким эътибор қаратмаган. Шундан сўнг, онахон вилоят ҳокими қабулига келган.

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев онахоннинг муаммосини масъуллар олдида батафсил тинглаган ва унга вилоят ҳокимлиги ҳисобидан уй берилишини ва уйнинг пули «снос» масаласида камчиликка йўл қўйган мансабдорлардан суд орқали ундирилишини маълум қилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид