Ўзбекистон | 12:44 / 08.10.2021
5607
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Сурхондарёда сув, «свет» ва йўл бўйича қандай ишлар режалаштирилганини очиқлади

2022-2026 йиллар Сурхондарёда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш беш йиллиги деб эълон қилинади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев айтиб ўтди.

Фото: Миллий масс-медиа фонди

“ Сурхондарёни ичимлик суви билан таъминлаш масаласи жуда жиддий. Мен ўз режаларимни айтаман, ажратилган пуллар ҳам тайёр, лекин сизларда ҳам таклифлар бўлса, эшитишга тайёрман. Чунки тоза ичимлик суви йўқлиги, кўплаб касалликларга сабаб бўляпти, айниқса жигарга катта зарар келтиряпти. Келгуси беш йилда вилоятда 1 минг 700 километр ичимлик сув тармоқлари ва 96 та сув иншоотлари барпо этилади.

Келгуси беш йилда вилоятда 1 минг 700 километр ичимлик сув тармоқлари ва 96 та сув иншоотлари барпо этилади. Аниқ мисоллар билан айтадиган бўлсак, мегалойиҳа – “Тўпаланг” сув омборидан Термизгача 361 километр узунликдаги магистрал сув тармоғи қурилади. Бунга 138 миллион доллар ажратамиз. 

Шу билан бирга, Музработ, Шеробод туманларида ичимлик суви таъминоти яхшиланади, Термиз шаҳрининг оқова сув тизими реконструкция қилинади ҳамда Сариосиё, Денов, Жарқўрғон, Музработ, Шеробод, Қумқўрғон, Олтинсой, Шўрчи туманларида оқова сув тизимлари қурилади.

Умуман, марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 57 фоиздан 80 фоизга етказилади ва 800 минг нафар аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланади, 870 минг нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланади, канализация хизмати билан таъминланиш даражаси 4 фоиздан 22 фоизга етади. Бу мақсадларга 5,5 триллион сўм маблағ йўналтирамиз.

Яна бир муҳим масала – келгуси беш йилда 20 минг хонадонли 600 дан зиёд кўп қаватли уй-жойлар қурилади. Шундан, қарийб 3 мингта хонадон эҳтиёжманд оилаларга ажратилиб, уларга ипотека кредити бўйича 120 миллиард сўмлик субсидия берилади. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 150 та қишлоқ ва маҳаллани обод қилиш, ижтимоий соҳа объектлари ва ички йўлларни қуриш-таъмирлаш ишларига ҳар йили 500 миллиард сўм йўналтирилади. 

Электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида, келгуси беш йилда 5,5 минг километр паст ва юқори кучланишли тармоқлар, 1,5 мингта трансформатор янгидан қурилади ва таъмирланади. Бунинг ҳисобига 264 мингдан зиёд аҳоли хонадонлари ҳамда 6 мингдан зиёд ижтимоий соҳа ва тадбиркорлик объектларининг электр таъминоти барқарорлашади.

Термиз туманидан Термиз шаҳрига қўшилган маҳаллаларни боғлаш учун йирик йўл ўтказгич барпо этилади. Шунингдек, келгуси беш йилда 6 минг километр автомобиль йўллари ва кўчалар, 300 та кўприкни қуриш-таъмирлаш ишлари бажарилади. Бунга 2 триллион сўм йўналтирилади.

Бундан ташқари, “Дарбанд-Денов”, “Тошкент-Термиз” ва “Душанбе-Термиз” йўналиши бўйича 180 километр автомобиль йўлларини реконструкция қилишга халқаро молиявий институтларининг маблағларидан 380 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилади”, деди амалдаги президент.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид