Ўзбекистон | 12:49 / 08.10.2021
6119
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда 15 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари очиқ танлов асосида аҳолига ажратилади

Сурхондарё вилоятининг жами 15 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари очиқ танлов асосида аҳолига ажратилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Фото: Kun.uz

“Вилоятда қишлоқ хўжалигида экспортни энг камида 5 баробарга ошириш учун барча имкониятлар мавжуд. Вилоятнинг бебаҳо табиатидан фойдаланиб, эртаки маҳсулотларни етиштириш орқали йилига 3 марта ҳосил олиш шарт ва зарур. Бу вилоят учун жуда катта имкониятдир.

Вилоятнинг жами 15 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари очиқ танлов асосида аҳолига ажратилади. Агар бу тажриба тез орада ўз самарасини берса, яна камида шунча пахта ва ғалла майдонлари камайтирилиб, мева-сабзавот етиштиришга ажратилади.

Шунингдек, 2 минг гектарда иссиқхона, жумладан 1 минг гектарда лимон етиштириш ташкил этилади ва 5 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланади. Биргина Қумқўрғонда камида 300 гектар майдонда лимончилик йўлга қўйилади.

Оборотдан чиққан 16,5 минг гектар майдон қайта ўзлаштирилиб, мева-сабзавотчилик ва чорвачиликка ажратилиб, 20 мингга яқин аҳоли банд қилинади. Масалан, Музработда 1,7 минг гектар, Бандихонда 1,5 минг гектар, Қизириқда 1,3 минг гектар, Қумқўрғон ва Узунда 1 минг гектардан қўшимча ер майдонлари фойдаланишга киритилади.

Бундан ташқари, Олтинсой, Сариосиё, Узун, Деновда 20 минг гектар узумзор, Музработ, Қизириқда 7 минг гектар анорзор барпо этилиб, 30 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади. 

Олтинсойда 1 минг 700 гектар майдонда кластер усулида узум плантацияси барпо этилиб, 3 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Узун туманида “Ин-витро” усулида йилига 2 миллион дона мева ва узум кўчатларини етиштириш йўлга қўйилади. 

Янги боғ ва токзорлар учун ер солиғини тўлаш бўйича имтиёзли давр 3 йилдан 5 йилга узайтирилади ҳамда 7 йил муддатга имтиёзли кредитлар ажратилади. Шунингдек, 3 минг гектар ўрмон хўжалиги ерларида писта, каврак ва павлония плантациялари ташкил қилинади”, деди президентликка номзод.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид