Ўзбекистон | 12:30 / 08.10.2021
15323
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда қўлидан иш келадиган тадбиркорлар ноҳақ қамалган эди ёки қочиб кетганди - Президент

Сурхондарё вилояти марказлашган тоза ичимлик суви таъминоти даражаси бўйича республикада энг охирги ўринларда туради. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Фото: Миллий масс-медиа фонди

“144 та маҳаллага ичимлик суви ҳали умуман етиб бормаган. Шеробод -марказлашган ичимлик суви қамрови 17 фоиз, Ангор - 27 фоиз, Бойсун - 29 фоиз, Бандихон - 34 фоиз, Музработ - 48 фоиз, Олтинсой - 48 фоиз, Жарқўрғон - 50 фоиз ва Деновда ичимлик сув таъминоти жуда паст даражада - 54 фоиз.

Шунингдек, вилоятда уй-жой, йўл-транспорт, электр таъминоти каби масалалар бўйича ҳам аҳолининг кўплаб эътирозлари мавжуд.

Шу билан бирга, вилоятда 115 минг нафар аҳоли ишсиз. Бунга қўшимча равишда ҳар йили меҳнат бозорига 39 минг нафар ёшлар кириб келмоқда, 131 минг оила доимий даромад манбаига эга эмас.

Соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида ҳам ҳал этишимиз керак бўлган кўплаб камчиликлар мавжуд. Жумладан, вилоятда 377 минг нафар аҳолида сурункали касалликлар бор. Айниқса вилоятда юрак қон-томир, қандли диабет, буйрак етишмовчилиги, нафас йўллари касалликлари кўплаб учрайди. Шунга қарамай, 2 минг 600 нафар шифокор етишмайди, яна 2 минг нафари пенсия ёшида.

Энг оғир касалликлардан яна бири бу – мактабгача таълимнинг аҳволи. Бандихон, Денов ва Қумқўрғонда мактабгача таълим билан қамров даражаси 30 фоизга ҳам етмайди. Вилоятда 119 та маҳаллада ҳали боғча мавжуд эмас.

Вилоятда 58 та мактаб қувватига нисбатан 2 баробар кўп юклама билан ишламоқда, 2 мингдан зиёд педагог иш жойлари вакант бўлиб қолмоқда.

Энг ачинарли ҳолатлардан бирини бугун эсламаслик мумкин эмас. Чунки вилоятнинг шу аҳволга келиб қолишига баъзи идораларда илдиз отиб кетган адолатсизликлар ҳам сабаб бўлган. Одамлар ҳеч нарсага ишонмай қолганди. Қўлидан иш келадиган тадбиркорлар ноҳақ қамалган эди ёки қочиб кетганди. Шунинг учун вилоятда тадбиркорлик ҳам республикада энг охирги ўринларда эди. Мана шу сабаблар ҳам, вилоят тараққиётига жиддий тўсиқ бўлган. Биз бу номаъқулчиликларни бартараф қилишда қонун устувор ва жазо муқаррарлигини таъминлаб, барчасини жой-жойига қўйдик.  

Юқоридагиларни ҳисобга олиб, биз Сурхондарёда аҳоли ҳаётини яхшилаш ва инсон қадр-қимматини таъминлаш бўйича беш йиллик дастурни тайёрладик”, деди президентликка номзод.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид