19:03 / 10.10.2021
5795

Наманганда Nexia ва Matiz тўқнашиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди

Наманган вилоятининг Уйчи туманида Nexia ва Matiz тўқнашиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди, яна уч киши тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Наманган вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа 8 октябрь куни соат 15:00 ларда Р-263 Уйчи айланма йўлининг 7-километрида юз берган. Шу тумандаги мактабнинг 9-синф ўқувчиси бўлган, 2007 йилда туғилган бола отасининг Nexia’сини тегишли ҳужжатларсиз бошқариб бораётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва қаршисидан ҳаракатланиб келаётган Matiz билан тўқнашган.

Оқибатда Matiz’да бўлган 23 ёшли йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Matiz ва Nexia ҳайдовчилари ҳамда Nexia’да бўлган 35 ёшли йўловчи мия ёпиқ шикасти, бош мия чайқалиши ташхиси билан тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Ҳолат юзасидан Уйчи туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган.

Top