Ўзбекистон | 12:00 / 13.10.2021
4936
2 дақиқада ўқилади

Президент сайловида ҳар бир туман ва шаҳардаги 1тадан сайлов участкасида камера ўрнатилади

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган президентлик сайлови бўйича қўшимча маълумотлар берилди.

Баҳром Қўчқоров / Фото:Марказий сайлов комиссияси

Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоровнинг айтишича, президент сайловида ҳар бир туман ва шаҳардаги 1тадан намунавий сайлов участкаларида 2тадан камералар ва зарурий қурилмалар ўрнатилади.

“Бугунги кунда хорижий тажриба ва мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловида ҳар бир туман ва шаҳардаги 1тадан намунавий сайлов участкаларида 2тадан камералар ва зарурий қурилмаларни ўрнатиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Рақамлар билан айтадиган бўлсак, 207та туман ва шаҳарларда жами 414та кузатув камералари ўрнатилиши белгиланган. 2019 йилга нисбатан бу 147 фоизга кўпроқ дегани”, деди Баҳром Қўчқоров.

Маълум қилинишича, 414та видеокузатув камералари ўрнатиладиган 207та сайлов участкаларини маҳаллий ҳокимликлар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда танлаб олган ва уларнинг рўйхатлари шакллантирилган.

“Таклиф этилаётган сайлов участкаларига видеокузатув камералари ўрнатилиб, овоз бериш жараёнлари Марказий сайлов комиссиясининг Saylov2021.uz сайлов портали, Матбуот марказидаги катта ҳажмдаги мониторда ва “Ўзбекистон24” телеканалида ҳамда Марказий сайлов комиссияси биносида онлайн трансляция қилиб борилади. Трансляция вақти 24 октябрь куни соат 8:00 дан 20:00 гача белгиланган”, деди Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари.

Маълумот учун, 2019 йилдаги парламент сайловларида 60та сайлов участкасига 120та видеокузатув камералари ва зарурий қурилмалари “Unicon.uz” томонидан ўрнатилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид