Жаҳон | 21:44 / 15.10.2021
12314
2 дақиқада ўқилади

Толиблар Афғонистонда янги Олий суд тузилганини эълон қилди

Шайх мавлавий Абдул Ҳаким Ҳаққоний вақтинчалик олий судья этиб тайинланди.

“Толибон” ҳаракати Афғонистонда янги Олий суд тузилганини эълон қилди. Бу ҳақдаги баёнот толиблар вакили Алҳанафий Вардакнинг Twitter саҳифасида жойлаштирилди.

“Афғонистон ислом амирлиги” раҳбарияти томонидан Олий суд тузиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Шайх мавлавий Абдул Ҳаким Ҳаққоний вақтинчалик олий судья, мавлавий Муҳаммад Қосим Туркман унинг биринчи ўринбосари, мавлавий Абдул Малик иккинчи ўринбосари этиб тайинланди”, – дейилади баёнотда.

Толиблар ҳукумат тепасида бўлган 1996-2001 йилларда бутун суд тизими руҳоният назорати остида бўлган. Унинг таркибига қози ул-қуззат (олий судья) раҳбарлигидаги Олий суд, фуқаролик судлари ҳамда ҳарбий судлар кирган.

Бундан ташқари, мамлакатда уч нафар шариат судьясидан ташкил топган махсус трибуналлар кенг тарқалган. Ҳукмлар “Афғонистон ислом амирлиги” раҳбарияти томонидан тасдиқланганидан кейин ижро этилган.

Толиблар ағдарилгач ва 2004 йилда Афғонистон Конституцияси қабул қилинганидан сўнг мамлакатда тўққиз нафар судьядан иборат Олий суд таъсис этилган.

Мавзуга оид