Ўзбекистон | 21:43 / 16.10.2021
11082
2 дақиқада ўқилади

Термиз шаҳрида Ўзбекистон-Афғонистон музокаралари бўлиб ўтди

Музокаралар чоғида турли вазирлик ва идоралар вакиллари савдо-иқтисодий алоқалар, чегара хавфсизлигини таъминлаш, энергетика, халқаро юк ташиш ва транзит соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.

16 октябрь куни Термиз шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон делегацияларининг ишчи учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

“Делегацияларга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Афғонистон Ислом Амирлигининг Муваққат ҳукумати раҳбари ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул Салам Ҳанафий бошчилик қилдилар.

Музокаралар чоғида турли вазирлик ва идоралар вакиллари савдо-иқтисодий алоқалар, чегара хавфсизлигини таъминлаш, энергетика, халқаро юк ташиш ва транзит соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, таълим ва гуманитар соҳадаги алоқаларни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга, хусусан, “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш тармоғи ҳамда “Термиз – Мозор-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлини қуришга алоҳида эътибор қаратилди.

“Учрашувлар натижасида муҳокама қилинган масалалар бўйича бир қатор икки томонлама келишувларга эришилди.

Афғонистон делегацияси Ўзбекистон томонига самарали музокаралар ва меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдирди”, деб хабар қилган Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

7 октябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Кобулга бориб, Афғонистон Ислом Амирлиги ташқи ишлар вазири в.б. Мавлавий Амир Хон Муттақий билан учрашув ўтказган эди.

Мавзуга оид