11:11 / 18.10.2021
5102

Ўзбекистонлик ҳарбийлар «Кембрия патрули» мусобақасида иккинчи ўринни қўлга киритди

Буюк Британияда бўлиб ўтган «Кембрия патрули» халқаро мусобақасида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси турли мураккаб шартлардан иборат 90 км масофани 37 соатда босиб ўтиб, фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти Kun.uz’га маълум қилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Халқаро мусобақа натижаларига кўра, I ўрин ва олтин медалларни мезбон – Буюк Британия жамоаси, II ўрин ва кумуш медални Ўзбекистон жамоаси, III ўрин ва бронза медалларни Америка Қўшма Штатлари жамоаси эгаллади.

29 сентябрдан 17 октябрга қадар давом этган разведка ва махсус бўлинмаларнинг «Кембрия патрули» мусобақасида 18 та давлат: Буюк Британия, Ўзбекистон, Косово, Греция, Ирландия, Германия, Латвия, Франция, Гана, Италия, Ҳиндистон, Полша, АҚШ, Дания, Индонезия, Швейцария, Литва, Нидерландия Қуролли Кучлари разведка ва махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчиларидан иборат 103 та жамоа қатнашган.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Мусобақа конкурсларидаги йўналиш 90 км масофадаги турли даражадаги мураккаб шартлардан иборат бўлиб, ҳар 8–10 кмда бир нечта жанговар топшириқлар бажарилди. Жумладан, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш воситаларидан фойдаланган 3 км масофадаги зарарланган ҳудуддан ўтиш, жойни разведка қилиш ва тоғ дарёсини кесиб ўтиш, ярадорларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, жароҳатланганларни турли йўллар билан эвакуация қилиш, мина тўсиғидан якка ва гуруҳ таркибида ўтиш, душман объектига босқин уюштириш, гаровга олинганларни озод қилиш ва ҳарбий асирларни сўроқ қилиш каби шартлар ҳам бажарилди.

Бундан ташқари, жамоаларга 8 та кутилмаган «тест сюрприз» (хорижий давлатлар қуроллари ва ҳарбий техникаси турларини аниқлаш, симуляция ва алоқа ускуналари ёрдамида артиллерия оловини йўналтириш, ҳарбий топография меъёрларни бажариш, Женева конвенцияси бўйича тест топшириш, разведка бўйича ҳисоботларни тайёрлаш ва тузиш, алоқа тайёргарлиги бўйича меъёрларни бажариш, бажарилган тадбирлар бўйича ва кейинги топшириқларни бажаришга шайлиги бўйича билдирув бериш) топшириқлари ҳам берилган эди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Top