19:23 / 20.10.2021
10701

Сергелида тирбандликни камайтириши кутилаётган йўлнинг биринчи қисми очилди

Тошкентда, Чўпонота кўчасидан Қипчоқ кўчасигача 6 км масофада автомобил йўли қурилмоқда. Бу орқали Сергелини шаҳар маркази билан боғловчи асосий йўл – Янги Сергели кўчасидаги тирбандликларни камайтириш мақсад қилинган.

19 октябр куни президент Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи билан Тошкент шаҳри Яккасарой ва Сергели туманларини боғловчи йўлнинг бир қисми очилди. Йўл лойиҳаси икки босқичда амалга оширилмоқда.

Айни вақтда Чўпонота кўчасидан Тошкент ҳалқа йўлигача қарийб 2 километрлик трасса қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди. Йўлнинг Кичик ҳалқа йўли устидан ўтган қисмида 788 метрлик кўприк ва Тошкент ҳалқа йўлига туташган жойида иккита 207 метрлик йўл ўтказгичлар қурилган.

6 қаторли мазкур йўл Сергели туманидаги Қипчоқ кўчасигача давом этади ва соатига 12 мингтагача автотранспортни ўтказиш қувватига эга бўлади. Натижада Сергелидан шаҳар марказига етиб бориш вақти икки бараваргача қисқаради, Янги Сергели кўчасидаги тирбандликлар камаяди.

Айни пайтда лойиҳанинг иккинчи босқичи – Тошкент ҳалқа йўлидан Қипчоқ кўчасигача бўлган 4 километрдан зиёд йўл қурилиши давом этмоқда.

Расмийларга кўра, Тошкент шаҳар кўчаларида бир кунда 700-800 мингдан зиёд транспорт ҳаракатланади.

Top