Жамият | 15:40 / 20.10.2021
30966
3 дақиқада ўқилади

ССВ: Ўзбекистонда мураккаб операциялар нархи бир неча баробар арзон

Айни пайтда Ўзбекистонда 5 минг бемор жигар циррозидан азият чекяпти. Улардан 500 нафари жигар трансплантациясига муҳтож.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати оғир хасталикдан азият чеккан беморлар яқин-яқингача жигар, буйрак, ўпка трансплантацияси, юрак соҳасидаги нозик операциялар учун илғор хорижий мамлакатларга даво истаб боришга мажбур бўлгани, бугунги кунда эса Ўзбекистонда тиббиётнинг кўплаб йўналишлари қатори хирургия соҳасида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилиб, деярли барча мураккаб операциялар Ўзбекистоннинг ўзида ўтказилаётгани ҳақида маълум қилди. 

Масалан, айни пайтда республикада 5 минг нафар бемор жигар циррозидан азият чекяпти. Улардан 500 нафари жигар трансплантациясига муҳтож. Шу кунгача Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган Хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида 10 нафар беморга жигар кўчириб ўтказилди. 

«Бундай ноёб операция учун Ҳиндистонда ўртача 45 минг доллар маблағ талаб қилинади. Россияда эса янаям қимматроқ — 70 минг доллар атрофида. Беларусда жигар трансплантациясини ўтказмоқчи бўлганлар эса қарийб 165 минг доллар тўлаши керак. Энг юқори нарх АҚШда — тахминан 200 минг доллар.

Бизда эса бу турдаги операцияни ўтказишга сарфланадиган сарф-харажатлар донор ва бемор учун ўрта ҳисобда 18-20 минг долларга тўғри келиши ўрганилган. Аммо буни янглиш тушунмаслик керак. Гап шундаки, мамлакатимизда жигар циррози билан касалланган юртдошларимизни ордер тизими асосида даволаш йўлга қўйилган. Бу ҳолатда  фақат донор операцияси, яъни жигарнинг бир бўлагини олиш учун беморнинг оиласи томонидан маълум миқдорда маблағ тўланади, холос», дейди марказ директори Саидмурод Исмоилов.  

Унинг маълум қилишича, юрак ва ўпка етишмовчилиги терминал босқичидаги беморлар орасида ҳам трансплантация амалиётига муҳтожлар кўп. Бироқ бундай операциялар баҳоси Россияда 100 минг, Беларусда 200 минг, АҚШда 250 минг доллар атрофида. Ўзбекистонда эса нарх кўрсаткичлари океанорти мамлакатига нисбатан қарийб 10 баробар арзон. 

Умуман, бугунга келиб, Ўзбекистонда йилига ўртача 750 мингта жарроҳлик амалиёти бажариляпти. Уларнинг 24 мингтаси республика тасарруфидаги клиникаларда, 550 мингтаси вилоят марказларида, 170 мингтаси эса туман миқёсида ўтказилмоқда.

«Соҳадаги ислоҳотлар натижасида имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам ошиб бормоқда. Биргина марказимизнинг ўзида йилига қилинаётган жарроҳлик амалиётлари сони ўртача 6,5 мингта, операциялар тури 350та, шунингдек, вилоят марказларида 130та, туман шифохоналарида эса 60тага етди. Келгусида туманлараро марказларда қилинадиган жарроҳлик амалиётлари турини 79тага, вилоят даражасида эса 168тагача етказиш режалаштирилмоқда.

Яна бир муҳим факт: аорта-коронар шунтлаш операцияси ҳам мураккаб кардиохирургик амалиёт ҳисобланади. Бундай операция учун Россия ва Ҳиндистонда 8 мингдан 18 минг долларгача тўлов қилиш зарур. Европа давлатларида эса 20-30 минг доллар талаб қилинади. АҚШда 40-50 минг доллардан арзонга тушмайди. Мамлакатимизда тиббиёт ривожига кенг йўл очилиши билан юрак соҳасидаги мураккаб операциялар учун кўпи билан 3-4 минг доллар тўлов қилинмоқда», дейди у.

Мавзуга оид