Лотин ёзувига ўтишга етмаган 30 йил
Суҳбатимиз аввалида Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонуни ижроси ҳанузгача охирига етмаётгани ҳақида гаплашдик.
Мутахассиснинг фикрига кўра, лотин ёзувини илк ўрганишни бошлаган авлод мактаб битириш даврига келиб, давлатдаги барча соҳалар тўлиқ лотин ёзувига ўтган бўлиши керак эди. Яъни 9-10 йил бир алифбодан иккинчи алифбога ўтишга етарли бўлган. Орадан салкам 30 йил ўтибдики, лотин ёзувида битирган аксар ёшлар ҳам кирилл ёзувида иш юритишига тўғри келмоқда.
Шерали Турғуновнинг фикрича, бу ҳолга ўрта қатлам, яъни ҳозирда раҳбарлик лавозимида ишлаётган, саводи эса кирилл ёзуви билан чиққан фуқаролар сабаб бўлмоқда. Филологнинг айтишича, ушбу авлод вакиллари лотин ёзувини ўрганишдан кўра, қонун ижроси бажарилмаслигидан манфаатдор бўлган.
“Имло қоидалари тилнинг талаффуз табиатидан келиб чиқиши керак”
Филологнинг таъкидлашича, “ш”, “ч”, “нг” каби ҳарф бирикмаларини бир ҳарф кўринишига келтириш аҳоли имловий саводхонлигини оширишга ечим бўла олмайди. Мутахассиснинг фикрича, имло қоидаларини ўзбек тили талаффузи табиатидан келиб чиқиб ўзгартириш керак.
Шерали Турғунов ўқувчилар имлода кўпроқ ўзлашма сўзларда хато қилишини айтди. Унга кўра, тилшунослик шаклланаётган пайтларда рус тилшунослигидан кўр-кўрона олинган қоидалар ва имлони енгиллаштиришга олиб борувчи керакли меъёрлар қабул қилинмагани бугун ёзув мураккаблашишига олиб келган.
“Шоир сўзида бир “й” товуши қўшиб талаффуз қилинса ҳам, шоир деб ёзилади, Кўряпсизми, мураккаблашиш қаердан бошланади”, – дейди филолог.

Унинг айтишича, руслар ҳам, инглизлар ҳам, умуман бошқа кўплаб тилларнинг тилшунослари ҳам ўзлашма сўзларни ўз нутқига мослаган тарзда меъёрлаштирган. Филолог Турғуновнинг мисол келтиришича, немис шоири Ҳайнрих Ҳайнени руслар Генрих Гейне дея ўзгартирган, бунга сабаб эса уларда “ҳ” товушининг йўқлигидандир.














