Жаҳон | 20:25 / 21.10.2021
4850
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея ўзининг илк фазовий ракетасини учирди 

21 октябрда Жанубий Корея ўзининг “Нури” деб номланган биринчи ракета-ташувчисини фазога учиришга муваффақ бўлди. Ракета белгиланган баландликка эришган бўлса-да, бироқ ўз бортидаги сунъий йўлдош макетини орбитага чиқара олмаган.

Фото: en.yna.co.kr

Ракета пойтахт Сеулдан 500 км узоқликда жойлашган Гохиндаги космодромдан учирилган.

“Нури”нинг синови якунланди. Афсуски, биз кўзланган мақсадга тўлиқ эриша олмадик. Бироқ биринчи галга анча муносиб натижага эришдик”, деб айтган Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин.

Унинг таъкидлашича, ракета 700 км баландликка эришган, бироқ сунъий йўлдош макети ракетадан ажралгач, орбитада қола олмаган. Жанубий Корея президенти айни вақтда муҳандислар бу ҳодисани тафтиш қилишаётганини ва ракетанинг иккинчи синови 2022 йил май ойига белгиланганини қўшимча қилган.

“Нури” 200 тонналик 3 поғонали ракета бўлиб, унинг баландлиги 47,2 метрни, диаметри 3,5 метрни ташкил қилади. У авиакеросин ва суюқ қислородда ишлайди.

Сеул 2010 йилдан бошлаб ракета устида ишларни олиб борган. Лойиҳани амалга ошириш учун 1,79 млрд доллар ажратилган. 

Жанубий Корея дунёдаги энг илғор технологик марказлардан бири ҳисобланса-да, фазони ўзлаштиришда бошқа давлатлардан ортда қолмоқда. Мамлакатнинг ўз ракетасини учиришга 2009 ва 2010 йиллардаги уринишлари муваффақиятсизлик билан якунланган. Сеул 2030 йилгача Ойга зонд юборишни режалаштирмоқда.

Жанубий Корея “Нури”ни сунъий йўлдошларни учириш учун қўллашини айтса-да, у билан боғлиқ синовларга ҳарбий дастурнинг бир қисми сифатида қаралади, чунки баллистик ва фазовий ракеталарда ўхшаш технологиялар қўлланади.

Мавзуга оид