Жаҳон | 08:36
780
3 дақиқада ўқилади

Россиянинг дрон ва ракета ҳужумлари июнь ойида қисқарди

Июн ойида Россия Украина ҳудудига амалга оширган дрон ва ракета ҳужумлари май ойига нисбатан сезиларли даражада камайди. Бироқ таҳлилчилар бу ҳолатни уруш тактикасидаги узоқ муддатли ўзгариш эмас, балки вақтинчалик ҳолат бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Фото: AP

Франциянинг AFP ахборот агентлиги Украина Ҳаво кучлари маълумотлари таҳлилига таяниб хабар беришича, июн ойида Россия Украинага қарши 5 749 та учувчисиз учиш аппарати ва 180 та ракета қўллаган.

Бу кўрсаткичлар май ойига нисбатан дронлар бўйича 29 фоизга, ракета зарбалари бўйича эса 15 фоизга камайганини англатади.

Таққослаш учун, май ойида Россия Украинага қарши 8 150 та дрондан фойдаланган бўлиб, бу 2022 йил февралда бошланган кенг кўламли уруш давомида бир ой ичида қайд этилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланган. Шу ойда яна 211 та ракета ҳужуми ҳам амалга оширилган.

AFP суҳбатлашган украиналик ва француз ҳарбий таҳлилчилари ҳужумлар сонининг қисқаргани ҳали янги тенденция сифатида баҳоланмаслиги кераклигини айтмоқда. Уларнинг фикрича, Россия куз мавсуми олдидан қурол-яроғ захираларини тўплаш мақсадида вақтинча ҳужумлар интенсивлигини пасайтирган бўлиши мумкин.

Мутахассислар, шунингдек, Москва ҳарбий ҳаракатлар стратегиясини ўзгартирмаганини ва яқин ойларда дронлар ёрдамидаги янги ҳужумлар давом этиши эҳтимоли юқори эканини қайд этмоқда.

Айрим экспертлар эса, агар бу ҳолат барқарор тенденцияга айланса, бунга Россия ҳарбий-саноат мажмуасидаги ресурслар камайиши ёки Эрондаги вазият туфайли Shahed туридаги дронлар етказиб беришда юзага келган муаммолар сабаб бўлиши мумкинлигини истисно этмаяпти.

Шу билан бирга, июн ойида Украина ҳам Россия ҳудудидаги объектларга ҳужумларни кучайтирган. Киев бу ҳаракатларни жавоб чораси сифатида изоҳламоқда.

AFP маълумотига кўра, Украина асосан нефтни қайта ишлаш инфратузилмасига, жумладан, нефтни қайта ишлаш заводлари, нефт омборлари ва портларга зарбалар берган. Бу эса Россиянинг айрим ҳудудларида ёнилғи танқислигига олиб келган.

Бундан ташқари, Украина мудофаа саноатига тегишли корхоналарни ҳам нишонга олмоқда. Хусусан, Воронеж яримўтказгич асбоблари заводига берилган зарба ҳақида маълум қилинган. Ушбу корхона, жумладан, «Искандер» ракеталари учун электрон қурилмалар ишлаб чиқаради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид