19:50 / 21.10.2021
10969

«Қонунларни қатъийлаштиришга ўзбек депутатлар қарши чиқишди» — Журналист ўзбек тили мақомини мустаҳкамлашдаги муаммолар ҳақида

Кеча, 20 октябрь куни Миллий матбуот марказида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 32 йил тўлиши муносабати билан, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси томонидан «Медиасаводхонлик: ОАВдаги ютуқ ва камчиликлар таҳлили» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Kun.uz мухбирига кўра, тадбирда «Ишонч» газетаси бош муҳаррири Ҳусан Эрматов ҳам чиқиш қилди ва 1989 йилда қабул қилинган қонун билан ўзбек тили ҳақиқатан давлат тили мақомини олган ёки олмаганини сўроқ остига олди.

«Тўғрисини айтганда, бугун биз «Давлат тили тўғрисида»ги қонунни варақлаб кўриб, ўша пайтда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганми ёки берилмаганми деган саволга жавоб топа олмаймиз.

Хўш, давлат тили мақоми қандай бўлади ўзи? Бу ҳақда таниқли олим Зуҳриддин Исомиддиновнинг «Маърифат» газетасида эълон қилинган мақоласида шундай маълумотлар келтирилади:

Ўзбекистон: «1-модда. Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир».

Бироқ бу «қалтис» гап учун кейинги моддада «узр» сўралади:

«2-модда. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди».

«Ишонч» газетаси бош муҳаррири Ҳусан Эрматов

Ҳолбуки, бошқа барча қўшни давлатларнинг тил тўғрисидаги қонунларида бунақа майинлик йўқ — уларда қонун руҳи ва услуби устувор:

Арманистон: «Арманистон Республикасининг давлат тили — арман тилидир, бу тил республика ҳаётининг барча соҳасида амал қилади. Арманистон Республикасининг расмий тили — арман адабий тилидир. Арманистон Республикаси арман тилининг мамлакат ташқарисида яшайдиган арманлар ўртасида сақланиши ва тарқалишига кўмаклашади».

Тожикистон: «1. Тожикистон Республикасининг давлат тили тожик тилидир. 2. Тожикистон Республикасининг ҳар бир фуқароси давлат тилини билишга мажбурдир».

Қирғизистон: «Қирғиз тили Қирғизистон давлатчилигининг бош асосларидан бири сифатида давлат ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари фаолиятининг барча соҳаларида амал қилади».

Озарбойжон: «1. Озарбойжон Республикасининг давлат тили озарбойжон тилидир. Озарбойжон Республикасининг ҳар бир фуқароси давлат тилини билишга мажбурдир. 2. Озарбойжон тили давлат тили сифатида мамлакат ҳаётининг барча сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, илмий ва маданий соҳаларида фойдаланилади. 3. Озарбойжон Республикаси давлат тилидан фойдаланишни, уни ҳимоя қилиш ва ривожлантиришни таъминлайди».

Қозоғистон: «Қозоғистон Республикасининг давлат тили қозоқ тилидир. Давлат тили давлат бошқаруви, қонунлар, суд юритиш, иш юритиш тили бўлиб, бутун давлат ҳудудида ижтимоий муносабатларнинг барча соҳаларида амал қилади. Давлат тилини билиш ҳар бир Қозоғистон Республикаси фуқаросининг бурчидир».

Ҳа, бизнинг қонунда ўзбек тилига давлат тили мақомини бераётганда тартиб узр сўраш билан ёзилгандек. Хўш, биз ўша пайтда давлат тили мақомини қанчалик олганмиз?

Тўғри, 1995 йилда унга қандайдир ўзгартиришлар киритилди, лекин қонунимизнинг бугунги аҳволи мана бу. Ахир биз 32 йилдан бери алоҳида давлатмиз.

Минг афсуски, яқинда шу қонуннинг янги таҳрир муҳокамасида жуда нохуш бир ҳолатни кўрдикки, қонунларни қаттиқлаштиришга айнан ўзбек депутатлар қарши чиқди. Бу ўз тилининг 32 йиллигини нишонлаётган ўзбек халқи учун шармандали ҳолат.

Биз аввал бу каби масалаларда қайнардик. Лекин охирги вақтларда бу нарсалардан ўзимизни тортдик. Нима учун деганда биз айтган нарсалар амалга оширилмади», – деди газета бош муҳаррири. 

Top