“Истанбулга амалиёт ўташ учун етиб келиб, жойлашганимдан сўнг, биринчи бўлиб Галата қалъаси жойлашган Бейоғлу районига бордим”, дея ҳикоя қилади Uzbek.life колумнисти Сабоҳат Ражабова.
Сиз ҳам ўз ҳикояларингизни биз билан бўлишмоқчи бўлсангиз Telegram’дa @uzbeklifebot га мурожаат қилинг.
Бой ва ранг-баранг тарихга эга бу қалъа ҳақида турли ва қизиқарли ривоятлар мавжуд.

Галата қалъаси милодий йилнинг 507 – 508 йилларида Византия императори Юстинианус томонидан барпо этилган. Айни пайтда сақланиб қолган қалъани 1348 – 1349 йилларда женеваликлар қайтадан қурган. Бугунги кунгача қалъа биноси зилзила ва ёнғин туфайли бир неча марта реставрация қилинган бўлиб, охирги марта 1967 йилда қайтадан таъмир қилинган.

Қарийб 15 аср давомида кузатув минораси, урушда асир олинган инсонларни сақлаш жойи, зиндон, кема учун керакли ашёлар сақланган омбор, ёнғин қалъаси ва қаҳвахона сифатида хизмат қилган ушбу минора айни пайтда меҳмонлар учун музей сифатида очиқ.

Туркия тарихида илк парвоз
Ҳезарфен Аҳмед Челебининг исми Туркия тарихида илк парвоз қилган олим сифатида муҳрланиб қолган. У XVII асрда яшаган бўлиб, султон Мурод IV ҳукмронлиги даврида (1623 – 1640) фаолият кўрсатган ва ўз қўллари билан қанот ясаган. Галата қалъасидан парвоз қилганлиги ва кўп соҳаларда билимли бўлганлиги учун Ҳезарфен, яъни бир нечта фаннинг зиёли билимдони, лақабини олган.












