Жамият | 22:19 / 23.10.2021
5888
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқаролари учун Россиянинг етти шаҳрида сайлов участкалари очилади

Москвадаги элчихона ҳамда Владивосток, Екатеринбург, Қозон, Новосибирск, Санкт-Петербург ва Ростов-Дондаги консуллик муассасалари қошида сайлов участкалари ташкил этилган.

Фото: Sputnik

Ўзбекистон фуқаролари Россиянинг етти шаҳридаги сайлов участкаларида республика президенти сайловида овоз беришлари мумкин. Бу ҳақда ТАСС Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасига таяниб хабар берди.

"24 октябр куни соат 08:00дан 20:00гача Москвадаги элчихонада ҳамда республиканинг Владивосток, Екатеринбург, Қозон, Новосибирск, Санкт-Петербург ва Ростов-Дондаги консуллик муассасалари қошида очилган сайлов участкаларида Ўзбекистон президенти сайловида овоз бериш бўлиб ўтади", - деб маълум қилган Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси.

Таъкидланишича, Россиянинг сайлов участкаларидан узоқда жойлашган ҳудудларида яшовчи республика фуқаролари ҳамда сайлов куни яшаётган жойида бўла олмайдиган фуқаролар учун 14 октябрдан 20 октябргача 300дан ортиқ муддатидан олдин овоз бериш кўчма пунктлари ташкил этилган.

Элчихонанинг қайд этишича, сайлов участкалари эпидемиологик хавфсизлик чораларига риоя қилинган ҳолда фаолият кўрсатади. 

Эртага, 24 октябр куни Ўзбекистон тарихидаги олтинчи президент сайлови бўлиб ўтади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид