
Сўнгги вақтларда атрофимизда йўл-транспорт ҳодисалари ҳақидаги хабарлар шунчалик кўпайдики, агар яқинларимизга тааллуқли бўлмаса, уларни эътиборга олмайдиган ҳолатга келдик.
Минг афсуски, бунинг ортидан юзлаб инсонлар вафот этаётгани ёки бир умрга ногирон бўлиб қолаётгани ҳам, қоидаларга риоя қилишга чақираётган мутахассис ва масъуллар ҳам бошқаларга дарс бўлмаяпти. Кўплар ҳалигача йўл қоидаларига амал қилишни ўзига эп кўрмайди.
Ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг қоидаларга амал қилмаслиги, йўллардаги носозликлар, баъзида масъулларнинг эътиборсизлиги йўллардаги аварияларга сабаб бўлаётгани Ислом динида ҳам қораланади.
Бугун биз, Ислом динида йўл ҳақлари, йўл қоидалари амал қилишнинг ҳукми борасида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажиднинг фикрлари билан бўлишамиз. Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид - «Йўл ҳаракати фиқҳи» мавзусида битирув-малакавий ишини ёзиб тугатган ва Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб мавзуга илмий ёндашган аҳли илмлардан ҳисобланади.
Маълум қилинишича, Исломда йўл ҳаракати қоидалари Қуръон ва ҳадис, уламоларнинг ушбу манбалардаги умумий қоидалар асосида чиқарган ҳукмлари билан тартибга солинади. Шунингдек, Ислом фуқаҳолари тақдим қилган ҳужжатлар асосида пиёда бўлсин ёки уловда бўлсин, ҳар бир мусулмон йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиши шаръий жиҳатдан вожиб эканлигига иттифоқ қилинган.
«Исломда йўл ҳаракати қоидалари, аввало Қуръон ва ҳадислар асосида тартибга солинади. Мисол учун, «Аллоҳ таоло ер юзидаги барча нарсани сизлар учун яратди» дейилади китобда. Демак, Ер юзидан тўлиқ фойдаланиш асли мубоҳ ҳисобланади ва бу бутун инсониятники деб қаралади. Аллоҳ таоло ўз каломида инсонларни денгиз ва қуруқликда уловларга миндириб қўйилгани ҳақида сўз боради.
Ҳадиси шарифларда ҳам йўлга доир одоблар жуда кенг ёритилган. Йўлнинг ҳаққи бор, деган тушунча ҳам аслида исломда бор. Йўлнинг ҳаққига доир келган ҳадисларда 15-20тача қоидалар ва одоблар келади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом уловни қандай тутишни ҳам ўргатганлар.










