Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуҳуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ), ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси (ЕХҲТ ПА) ва Европа Парламенти кузатувчиларнинг қўшма миссияси сўнгги йилларда мамлакатдаги ҳуқуқий база жиддий ислоҳ қилингани ва ўзгаришларнинг аксарияти аввалги тавсияларга мос тарзда амалга оширилганини тан олди. Шунга қарамай, кузатувчилар сайлов қонунчилигида ҳали қатор камчиликлар мавжудлиги ва у ҳамон демократик сайловларнинг халқаро стандартларига тўлиқ жавоб бермаслигини таъкидлаб ўтди.
«Мамлакат Конституциясида инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланганига қарамай, улар бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан чекланган ва амалиётда улардан етарлича қўлланаётгани йўқ», дейилади ҳисоботда.

Махсус координатор ва ЕXҲТнинг қисқа муддатли кузатувчилар миссияси раҳбари Райнҳолд Лопатканинг фикрича, ушбу сайлов, ҳозиргача эришилган ютуқларнинг тасдиғи сифатида сўнгги йиллардаги демократик ислоҳотлар давом эттирилиши зарурлигини кўрсатиб берди. «Сайловда бироз етишмаган асосий эркинликларга бўлган тўлақонли ҳурмат ва сиёсий кучлар ўртасидаги ҳақиқий рақобат кишиларнинг демократик орзу-умидлари рўёбга чиқиши учун ўта муҳим омилдир», дейди у.
Қонунбузарликлар
Қўшма миссия, кўплаб сайлов участкаларида сайлов кунидаги овоз бериш жараёнини ижобий баҳолаб бўлмаслигига ҳам тўхталди. Қўшма миссия ҳисоботига кўра, сайловда сайловчиларнинг иштироки 80 фоиздан юқори бўлган, аммо унда кўплаб жиддий қонунбузарликлар кузатилган. «Хусусан, кўп сонли сайловчилар тегишли тартиблар қўлланилмаган тарзда сайловчилар рўйхатига қўшилган, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ўз сайлов бюллетенларини топшириши ёки бошқалар номидан овоз бериш ҳолатларига йўл қўйилган», дейилади ҳисоботда.
Кузатувчилар, шунингдек, бир қанча сайлов участкаларида сайлов қутиларига бир киши томонидан бир неча бюллетенлар ташланган вазиятларни ҳам қайд этишган. Кўп ҳолларда овозларни санаш тартиб-қоидаларига риоя қилинмагани, сайлов участкаларида эса натижаларни қайд этишда номувофиқликлар сабабли баъзи қийинчиликларга дуч келингани айтилган.

«Мамлакатда яқинда ўтказилган ва ҳозирда олиб борилаётган ислоҳотлар истиқболда ўз мевасини бериши аниқ. Бироқ мухолифат партиянинг йўқлиги ва ҳақиқий рақобат сезилмагани ҳамда сайлов куни кўзга ташланган қатор қоидабузарликлар демократия жараёни йўлидаги жиддий тўсиқ сифатида баҳоланиши мумкин», деди Европа Парламенти делегацияси раҳбари Ҳайди Ҳаутала.



















