Жаҳон | 17:04 / 27.10.2021
10234
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон Афғонистон билан чегарада террорчилар фаоллашаётганини маълум қилди

Сирожиддин Муҳриддин Тожикистон «ҳокимият тепасига куч ишлатиш йўли билан, бутун халқ, шунингдек, бошқа этник гуруҳлар фикрини инобатга олмаган ҳолда» келган ҳукуматни тан олмаслигини таъкидлади.

Фото: AP

Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош шимолий туманларида террорчилар фаоллашмоқда. Бу ҳақда Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин Теҳронда ўтказилаётган Афғонистонга қўшни мамлакатлар (Россия, Хитой, Эрон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон) учрашувида айтди.

«Ҳозирда Афғонистоннинг шимолий вилоятлари, айниқса, бизнинг мамлакатимиз билан чегарадош жойларда террорчи гуруҳлар фаолияти кучаймоқда», — деди у.

Муҳриддин Тожикистон «ҳокимият тепасига куч ишлатиш йўли билан, бутун халқ, шунингдек, бошқа этник гуруҳлар фикрини инобатга олмаган ҳолда» келган Кобулдаги ҳукуматни тан олмаслигини таъкидлади.

«Тожиклар янги ҳукуматдан ўрин эгаллаши керак, чунки улар мамлакат умумий аҳолисининг 46 фоизини ташкил этади», — деди у.

Афғонистонга қўшни мамлакатларнинг биринчи учрашуви 8 сентябрда онлайн шаклда ўтказилганди. Теҳронда ўтказилаётган учрашувда томонлар Афғонистонда барча этник гуруҳлар иштирокидаги инклюзив ҳукуматни шакллантиришда қандай ёрдам бериш мумкинлиги борасида ўз саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришни режалаштирган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид