09:08 / 27.10.2021
33231

“Толибон” 42 йил ичида илк бор Афғонистон аҳолиси сонини ҳисоблаб чиқмоқчи

Афғонистонда аҳолини рўйхатга олиш охирги марта 1979 йилда ўтказилган. Ўшанда мамлакатда 15,5 млн киши яшаши маълум бўлган.

Фото: Iason Athanasiadis

“Толибон” ҳаракати Афғонистонда 42 йил ичида илк бор мамлакат аҳолиси сонини ҳисоблаб чиқишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда республиканинг толиблар ташкил этган муваққат ҳукумати вакили Забиҳулла Мужоҳид маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, бу ҳақдаги қарор ҳукумат йиғилишида қабул қилинган.

“Йиғилишда мамлакатдаги иқтисодиёт ва турли инфратузилмавий лойиҳалар муҳокама қилинди. Мамлакатнинг демографик хизмати фаолияти билан боғлиқ масалалар кўрилган ва Афғонистон аҳолисини рўйхатга олишни ўтказишга қарор қилинган”, деб маълум қилинган хабарда.

Ушбу жараён қачон амалга оширилиши ҳозирча номаълум.

Йиғилишда, шунингдек, мамлакатда гиёҳвандфурушликка қарши кўрилаётган чоралар, диний арбоблар малакасини ошириш зарурлиги, соғлиқни сақлаш тизимидаги вазият ва Туркманистондан Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонгача чўзилувчи ТАПҲ газ қувури лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Афғонистонда аҳолини рўйхатга олиш охирги марта 1979 йилда ўтказилган. Ўшанда мамлакат аҳолиси 15,5 млн кишини ташкил қилиши маълум бўлган.

2013 йилдан 2018 йилгача Афғонистонда БМТ кўмагида сунъий йўлдошдан суратга олиш ва масофадан зондлаш технологияси ёрдамида аҳоли сонини ҳисоблаш бўйича дастур амалга оширилган. Бироқ унинг натижалари жамоатчилик томонидан танқид қилинган, шундан кейин бир неча марта қайта кўриб чиқилган ва охир-оқибат тасдиқланмаган.

Афғонистоннинг миллий статистика ва ахборот бошқармаси маълумотларига кўра, 2020 йил охирида мамлакатда 32,9 млн киши яшаган. Улардан 16,8 млн нафарини эркаклар, 16,1 млн нафарини аёллар ташкил қилади. Шунингдек, шаҳар аҳолиси 8 млн кишидан, қишлоқ аҳолиси 23,4 млн кишидан, кўчманчи аҳоли эса 1,5 млн кишидан иборат.

Top