Ўзбекистон | 21:24 / 28.10.2021
11608
2 дақиқада ўқилади

“Оловни мустақил ўчиришга ҳаракат қилишгани унинг катталашиб кетишига сабаб бўлган” — ФВБ

28 октябрь куни Тошкент давлат техника университети ўқув биноси ёнидаги ошхонада ёнғин содир бўлди. Kun.uz мухбири воқеа жойида бўлиб, ФВБ ходимлари ва университет раҳбарияти билан учрашди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мурод Содиқовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, 28 октябрь куни соат 13:44 да Тошкент шаҳар Олмазор тумани Университет кўчасида жойлашган ошхонада ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган.

“Ҳолат юзасидан 4 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 13:50 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 14:03 да қуршаб олинган ва соат 14:09 да батамом ўчирилган.

Ёнғин оқибатида ошхона биносининг 120 м.кв майдони ёниб зарарланган. Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда”, – деди у.

Воқеа жойида бўлиб турган Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот котиби Анвар Рустамовга кўра, университет ходимларининг ёнғинни мустақил ўчиришга бўлган ҳаракатлари ҳам унинг кенгайиб кетишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.

“Ёнғин бўлган жойда йигирмадан ортиқ бирламчи ёнғин ўчириш мосламаларининг тургани бизга қўнғироқ бўлгунча шу ердаги ходимларнинг ўзи 15–20 дақиқа давомида ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилганини билдиради”, – деди Рустамов.

Ходиса тафсилотлари ўрганилмоқда.

Мавзуга оид