19:46 / 28.10.2021
16644

“Qarshi city”да қурилган кўп қаватли уйларда турли муаммолар юзага келаётгани айтилмоқда

Фото: Қарши шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Ижтимоий тармоқларда “Qarshi city” кўп қаватли турар жой мажмуасида турли муаммолар юзага келаётгани айтилган хабарлар тарқалди. Хабар бўйича Қарши шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, Қарши шаҳар, Наво маҳалласи ҳудудида қурилган янги 3та 16 қаватли уйлар “Agromir Building” МЧЖ томонидан 2021 йилнинг бошида фойдаланишга топширилган. Шундан 12-сонли кўп қаватли уйнинг ертўла қисмида ўрнатилган 10 тонна сиғимли ичимлик сув бакида носозлик аниқланган.

Фото: Қарши шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Ушбу носозликни бартараф этиш мақсадида қурувчи ташкилот ҳамда кўп қаватли уйга техник хизмат кўрсатувчи Бошқарув компанияси томонидан уйнинг ертўла қисмида тўпланиб қолган сув махсус насос ёрдамида тортиб олинган. Ҳозирда “Agromir Building” МЧЖ томонидан ичимлик сув бакида аниқланган носозликни бартараф этиш чораси кўрилмоқда.

«Бугунги кунда аҳолига кўп қаватли уйнинг ертўла қисмида жойлашган қўшимча бак орқали ичимлик сув етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, мазкур кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари олдига ўриндиқлар ўрнатилиб, бошқа мавжуд камчиликлар ҳам бартараф этиб борилаётгани маълум қилинади», дейилади муносабатда.

Top