Ангренда 11 ёшли қиз «Цефтриаксон» дори воситаси сабаб вафот этгани айтилди. ССВ изоҳ берди
Фейсбукдаги «Потребитель.уз» ёпиқ гуруҳида 28 октябрь куни бир пост қолдирилди. Унда айтилишича, Ангрен шаҳрида яшовчи 11 яшар қиз «Цефтриаксон» дори воситаси туфайли пайдо бўлган аллергик реакция сабаб вафот этган.
Маълумотда воқеа жорий йилнинг 20 октябрида содир бўлгани, сурункали бронхит сабаб мунтазам даволаниб келадиган 11 ёшли бемор шифокор кўрсатмасига биноан «Цефтриаксон» антибиотигини қабул қилгани айтилади.
Укол қилинганидан кейин 3 дақиқа ичида беморнинг қўлларида кўкаришлар, кўзларида қизариш, кўнгил айниши бошланган. 10 дақиқа ичида бемор ҳудудий шифохонага олиб борилган, ўша ерда дастлабки юрак уришдан тўхташ ҳолати кузатилгани айтилади. Шифокорлар тезкор ҳаракатлар билан юрак фаолиятини тиклашга муваффақ бўлишади. Аммо кейинчалик бу ҳолат яна икки марта такрорланади ва тонгда бемор юраги бутунлай тўхтайди.
Шунингдек, бемор шу кунга қадар ҳам «Цефтриаксон» антибиотигини мунтазам қабул қилгани, аммо реакция кузатилмагани билдирилган. Яъни амалда унга бу дори воситаси синамасиз инъекция қилинган.
Эълон қилинган постда ўлимга олиб келган ҳолат «Цефтриаксон» дори воситасидан аллергия ва анафилактик шок туфайли пайдо бўлгани айтилган. Шунингдек, бу восита Россиядан олиб келингани, шу пайтгача ҳам бу доридан пайдо бўлган реакция туфайли Ангренда ўлим ҳолатлари қайд этилгани, кўпчилик дори воситалари сотувдан қайтарилган бўлса-да, бир қисми тарқалиб кетгани ёзилади.
Постга бу дори воситалари «Деко» ва «Биохимик» заводларида ишлаб чиқарилгани ва ножўя таъсирлари туфайли қайтариб олинганига оид маълумот ҳам тиркалган. Аммо бу маълумот ўрганилганида ҳолат бундан 4 йилдан ортиқ вақт олдин кузатилгани маълум бўлди. Бу ҳақдаги мақолада «Цефтриаксон» дори воситаси шу пайтга қадар ҳам 4 марта сотувдан қайтарилгани баён қилинган.
- Цефтриаксон ҳақида: цефалоспорин қаторига кирувчи кенг таъсир кучига эга антибиотик. Тиббиётда жуда кўп қўлланилади, айниқса юқумли касалликларда, жарроҳлик амалиётидан олдин ва кейин, жароҳатларда тавсия қилинади. «Цефтриаксон» деган умумий номдан ташқари «Цеф», «Цефабел» «Цефивел», «Цефиксем», «Цефод», «Пео», «Медаксон», «Бетаспорин», «Лифаксон» каби қатор номлар остида, аммо шу таркибда ишлаб чиқарилади.
Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун дастлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғланди. Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев Ангренда 11 ёшли бемор вафот этганини тасдиқлади.
«2021 йил 20 октябрь куни Ангрен шаҳар болалар шифохонасининг жонлантириш бўлимида 2010 йилда туғилган Г.С. исмли шахс вафот этган. Ўлим сабабини аниқлаш мақсадида Ангрен шаҳар прокурори ёрдамчиси Л.Х.Искандаровнинг 20 октябрдаги қарорига асосан, суд-тиббий текшируви ўтказилган.
Дастлабки хулосаларга кўра, марҳумда ҳеч қандай тан жароҳатлари аниқланмаган. Унинг ўлимига дори воситаси инъекцияси (Цефтриаксон) сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бундай хулосага келишга марҳумнинг ўнг думба соҳасида инъекция изининг топилиши, танадаги қоннинг суюқ ҳолатдалиги, ички аъзоларининг камқонлиги, юрак эпикардида майда нуқтачалар кўринишидаги қон қуйилишлар сабаб бўлган.
Бундан ташқари, марҳумда бош мия ва ўпка шиши, ички аъзолар сувсизланиши, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги каби асоратлар ҳам кузатилган. Ҳамроҳ касалликлар сифатида нафас йўллари яллиғланиши, трахеит, бронхит, икки томонлама ўпкалар яллиғланиши, гастроэнтероколит ҳам қайд этилган», дейилади Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида.
(Муҳим эслатма: Бу дастлабки хулосалар бўлиб, аниқ натижалар суд-тиббий экспертизаси якунига етгач аниқланиши кўрсатиб ўтилган).
Шунингдек, ҳолат юзасидан Ангрен шаҳар Болалар шифохонаси бош шифокори М. Ғаниева томонидан ҳам маълумот берилган.
«2021 йил 19 октябрь куни соат 20.05да Ангрен шаҳар марказий шифохонасига вояга етмаган Г.С. исмли бемор оғир аҳволда отаси томонидан олиб келинди. Унда клиник ўлим ҳолати қайд этилган ва реанимация бўлимига ётқизилган.
Қабул қилингандаги ташхис: анафилактик шок (цефтриаксон инъекцияси туфайли), клиник ўлим ҳолати.
Г.С.да дори воситаси инъекцияси (Цефтриаксон) натижасида бош мия ва ўпка шиши, анафилактик шок, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги кузатилган.
Касаллик тарихига кўра, боланинг уйдагилари шифокор билан маслаҳатлашмасдан, уйга яқин бўлган дорихонадан 5 дона «Цефтриаксон» дорисини сотиб олиб келган ва уй шароитида, синама ўтказмасдан мушак ичига 1.0 грамм юборган. Бола тўсатдан ҳушини йўқотган, саросимага тушиб қолган ота-она уйига яқин масофада бўлган Ангрен шаҳар болалар шифохонасига зудлик билан олиб келишган. Бемор реанимация бўлимига ётқизилган. Бўлимда керакли тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, тонгги соат 06:55да вафот этган», – дейилади Kun.uz’га тақдим қилинган маълумотда.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати раҳбари Қизлархон Бегматова ҳам бу дори воситаси қандай қилиб сотувга чиққани ва бундай вазият юзага келгани бўйича изоҳ берди.
«Ҳар қандай антибиотик ёки инъекцион препарат зарур синамалар ўтказилганидан кейингина стационар шароитида тиббиёт ходимлари назорати остида қабул қилиниши шарт.
Албатта, бу дори воситаси чуқур экспертизадан ўтказилади. Лекин нега стационар шароитида қилиниши керак бўлган инъекция уй шароитида амалга оширилган? Бу албатта ўрганилиши лозим. Айниқса карантин шароитида бунга йўл қўйилмаслиги лозим эди. Айни пайтда ҳолат прокуратура томонидан ўрганилмоқда. Экспертларимиз ҳам унга жалб қилинган. Ўрганишлар якунига кўра қўшимча маълумот берилади», деди агентлик вакили.
Аброр Зоҳидов.
Мавзуга оид
22:40 / 07.10.2024
Ангренда кўмир кони кенгайтирилиши сабаб уйлари кўчган ёки бузилган аҳолига 60 млрд сўмдан ортиқ пул тўланади
09:51 / 07.07.2024
Ангренда машинани соатига 157 км тезликда бошқарган аёлга чора кўрилди
16:12 / 06.07.2024
Ангренда аёл машинани аҳоли пунктида соатига 157 км тезликда бошқарди
13:24 / 28.06.2024