Ўзбекистон | 12:28 / 10.09.2025
33413
2 дақиқада ўқилади

Ангрендаги ЙТҲда ҳалок бўлганлар сони 11 кишини ташкил этмоқда

Мудҳиш ЙТҲ оқибатида яна камида 4 киши вафот этган. ИИВнинг сўнгги маълумотида 8 та автомобил иштирок этган ЙТҲда 7 киши воқеа жойида ҳалок бўлгани, 9 киши жароҳатлангани ва шундан 5 нафари тиббиёт муассасаларига ётқизилгани маълум қилинганди.

Фото: Видеодан кадр

7 сентябр куни Ангренда содир бўлган ЙТҲ юзасидан Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг фармойиши қабул қилинди. Бироқ фармойиш e-qaror.gov.uz платформасида шахсга доир маълумотлар борлиги важи билан ёпиб қўйилган.

Daryo.uz нашри хабар қилишича, ҳоким фармойишида ЙТҲ оқибатида 11 киши ҳалок бўлгани келтирилган. Унга кўра, 9 сентябрда имзоланган фармойишда 6 киши турли даражада тан жароҳатлари олиб шифохонага жойлаштирилгани қайд этилган.

Шунингдек, ҳужжатда вилоят ҳокими ўринбосарлари ва тегишли ташкилотлар ЙТҲ оқибатида вафот этганларнинг шахсига аниқлик киритиши, уларнинг оила аъзоларига ҳамда жабрланганларга тиббий, моддий, психологик ва бошқа ёрдамлар кўрсатиши белгиланган. Ҳалок бўлганларнинг дафн маросимлари билан боғлиқ комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши қайд этилган. Жароҳат олганларга Ангрен шаҳар тиббиёт бирлашмасида зарур тиббий ёрдам кўрсатилаётгани билдирилган.

Kun.uz’нинг ички ишлар органларидаги манбасига кўра эса бугунга келиб ушбу ЙТҲ оқибатида вафот этганлар сони 13 кишига етган.

UPD: Расмийлар вафот этганлар сони 13 нафарга етганини тасдиқламаяпти.

Эслатиб ўтамиз, 7 сентябр куни соат 12:20 атрофида Қамчиқ довонидан Ангрен шаҳрига кириб келиш жойида даҳшатли авария рўй берганди: цемент ташувчи Shacman русумли юк автотранспорти бошқарувни йўқотиб, ҳаракат йўналишидаги темирйўл кесишмасида тўхтаб турган иккита юк автомашинаси ҳамда бешта енгил автотранспорт воситалари билан тўқнашиб, йўл транспорт ҳодисасини содир этган. ИИВ ҳодиса оқибатида 7 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этганини, турли тан жароҳатлари олган 5 нафар фуқаро тиббиёт муассасаларига ётқизилганини ҳамда 4 нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйларига жавоб берилганини маълум қилганди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид