Жамият | 21:08 / 10.09.2025
38361
6 дақиқада ўқилади

“Опам она соғинчини ўзи билан олиб кетди” – Ангрендаги даҳшатли ЙТҲда опаси ва отасидан айрилган ўғил

2025 йил 7 сентябр. Фарғона вилоятининг Бувайда туманидан бўлган Воҳиджон Қўрғонов ўзининг Spark машинасида 15 ёшли қизи ва ТошМИда таҳсил олаётган қариндоши билан Тошкентга кетаётганди. Машина темирйўл кесишмасига келиб тўхтади. Шу вақтда бошқарувни йўқотган цемент ташувчи юк машинаси машиналарга келиб урилди. ЙТҲда 11 киши, жумладан, Воҳиджон Қўрғонов бошқарувидаги Spark машинасида бўлганларнинг барчаси ҳалок бўлди. Kun.uz мухбири марҳумларнинг яқинлари билан суҳбатлашди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Жорий йил 7 сентябр куни соат 12:20 атрофида Тошкент вилояти Ангрен шаҳри ҳудудидан ўтган А-373 «Тошкент-Ўш» халқаро автомобил йўлида А.Р. бошқарувидаги цемент ташувчи Shacman юк машинаси бошқарувни йўқотиб, темирйўл кесишмасида тўхтаб турган бир нечта автотранспорт воситалари билан тўқнашган ҳолда йўл транспорт ҳодисасини содир этганди. Мудҳиш ҳодисада Spark ҳайдовчиси, машинада бўлган қизи ва қариндоши воқеа жойида ҳалок бўлган.

Манзилга ета олмаган соғинч

4 фарзанднинг отаси бўлган 47 ёшли Воҳиджон Қўрғонов асли Фарғона вилоятининг Бувайда тумани Хонобод қишлоғидан бўлган. Тўнғич қизи пойтахтдаги олийгоҳлардан бирига талабаликка қабул қилингандан кейин оила аъзолари маслаҳатлашиб, Тошкентда яшашга қарор қилишади. Улар Сергели туманининг Чоштепа маҳалласидан ижарага уй олишади.

Воҳиджон таксичилик, турмуш ўртоғи эса чеварчилик билан шуғуллана бошлайди. Ўзлари билан бирга икки қизи ва ўғлини ҳам пойтахтга олиб кетишади. Қишлоқда фақат 15 ёшли қизи Машҳура қолади. Ўша машъум кунда марҳум Воҳиджон Қўрғонов онасини соғинган кенжа қизи ва уйланганига эндигина бир ой бўлган Тошкент тиббиёт академиясининг магистратура босқичига қабул қилинган қариндоши Аъзамжон Иброҳимовни олиб кетаётган бўлган.

Тоҳиржон Қўрғонов ва Раҳматилло Одилжонов, марҳум Воҳиджон Қўрғоновнинг акаси ва ўғли

“Ангрендаги фожиада укам, жияним ва қариндошимдан айрилдим. Укамнинг қизлари пойтахтда ўқишарди. Келинойим чеварлик, Воҳиджон таксичилик қилиб тирикчилик ўтказишарди. Ўша куни машинада укамдан ташқари кичкина жияним 15 ёшли Машҳурахон, божасининг ТошМИда ўқийдиган ўғли Аъзамжон бўлган. Аъзамжон ҳам ўқишни битириб, магистратурага кирган эди. Ўқишга кетаётган бўлган шўрлик.

Марҳум Воҳиджоннинг тўртта фарзанди бор эди. Уч қиз, бир ўғил. ЙТҲда учинчи фарзанди, Машҳурахон вафот этди. Аввал кенжа ўғил Раҳматилло ҳам Машҳурахон билан бирга қишлоқда яшарди. Кейин ўғлининг ўқишини Тошкентга кўчиришганди. Марҳума Машҳурахон эса қишлоқдаги мактабда ўқиётганди. Унинг бир ўзи қишлоқда қолиб ота-онаси, опаларини соғинаверганидан тез-тез уни пойтахтга олиб бориб айлантириб келарди. Бир йилдан кейин унинг ҳам ўқишини Тошкентга кўчираман деб ният қилганди Воҳиджон. Насиб қилмади.

Охирги марта укамни жума куни кўргандим. Якшанба куни уйга келганимда машъум хабарни айтишди. Кейин Ангренга етиб бордим. Борсам даҳшатли ҳолат. Акам, жияним, қариндоши воқеа жойида вафот этган экан. Акамнинг Sparkʼига катта юк машинаси орқадан келиб урган. Машина йўқ бўлиб кетган.

Воқеа жойида андижонликларни кўрдим. Бир оиладан беш киши опа-укалар, битта машинада бўлган, уларнинг биттаси ҳам тирик қолмаган. Авария бўлган жойда олдин ҳам ЙТҲ бўлиб, кўп одам ўлган экан. Икки қиз, битта ўғиллари етим қолди. Аллоҳдан сабр сўраб ўтирибмиз, энди нима қиламиз бошқа? Мутасаддилардан сўраймиз, ҳолатни синчковлик билан ўрганишсин. Жавобгарларга қонуний чоралар кўришсин”, дейди марҳум Воҳиджон Қўрғоновнинг акаси Тоҳиржон Қўрғонов.

Опам она соғинчини ўзи билан бирга олиб кетди...

“Отамни охирги марта 1 сентябр куни кўрган эдим. Ўшанда у ўғлим яхши ўқи, ўқимишли одам бўлишинг керак, деб уқтирди. Кейин қишлоққа кетди. Тошкентда онам ва икки опам билан қолдим. Кичик опам Машҳура қишлоқда қолган эди.

7 сентябр куни отам опам ва қариндошимни олиб, Тошкентга йўлга чиққан эди. Телефон қилсак кўтаришмади. Хавотир ола бошладик. Кейин Равшан тоғам қўнғироқ қилиб Ангренда авария бўлибди, йўл ёпиқ экан, отангиз “пробка”да қолган бўлса керак, деб бизни тинчлантиришди. Суриштирсак отам Тошкентга соат 9:30 ларда йўлга чиққан экан. Хавотиримиз яна кучайди. Ҳаммамиз Ангренга бордик. Борсак....

Қишлоқда қолган Машҳура опам онамни соғиниб доим йиғларди. Опам она соғинчини ўзи билан бирга олиб кетди”, дейди марҳум Воҳиджон Қўрғоновнинг ўғли Раҳматилло Одилжонов.

Уйланганига бир ой бўлганди

“Жияним Аъзамжон Иброҳимов олти йил Тошкентда ўқиди. Уйланганига бир ой бўлган эди. ТошМИга магистратурага бешинчи ўринда ўтганди. 24 ёшда эди. Энди Худонинг марҳамати экан.

Ҳасанбой Одилов, марҳум Аъзамжон Иброҳимовнинг қариндоши

Аллоҳ жонини олди. Шунақа ишлар бор экан-да бошимизда. Охирги марта шанба куни кўришган эдик. Якшанба куни ака ўқишга кетяпман, деб хурсанд бўлганди. Оиланинг тўнғич фарзанди эди. Бир ука ва синглиси қолди”, дейди марҳум Аъзамжон Иброҳимовнинг қариндоши Ҳасанбой Одилов.

Бир манзилдаги икки фожиа

2021 йил 24 май куни ҳам А-373 автомобил йўлининг тахминан шу қисмида фожиали йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганди. Ўшанда Наманган-Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланган MAN русумли тиркамали юк автомобили бошқарувни йўқотиб, еттита машинани уриб кетган ва тўқнашув оқибатида енгил автомобиллардан бири ёниб кетганди. ЙТҲ оқибатида 7 киши воқеа жойида вафот этган, яна 14 киши турли даражада тан жароҳати олганди.

Бу сафар яна ўша манзилда содир бўлган даҳшатли ЙТҲда 11 киши вафот этди.

Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz

Муаллиф:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид