Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бокс бўйича ЖЧ: Шаҳобиддин Зоиров ва Мадияр Саидраҳимов турнирни ишончли бошлади
Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон бокс жамоасининг яна икки вакили юришини давом эттирди.
Сербия мезбонлигида ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида 29 октябрь кунги баҳсларда Ўзбекистон жамоасининг икки вакили рингга чиқди.
Рио Олимпиадаси ғолиби, амалдаги жаҳон чемпиони, турнирга -54 кг вазн тоифасида ташриф буюрган Шаҳобиддин Зоиров ўз иштирокини сербиялик Тамир Галановга қарши жанг билан бошлади.
Асли россиялик бўлган ва мезбон давлат шарафини ҳимоя қилган боксчи биринчи раундда жиддий қаршилик кўрсатди, Зоиров кичик устунлик билан бу раундни ўз фойдасига ҳал қилди (3:2). Кейинги икки раундда эса ўзбекистонлик боксчининг тўлиқ устунлиги қайд этилди, якунда ҳакамлар Зоировнинг 5:0 ҳисобидаги ғалабасини қайд этишди.
Шу тариқа, Ўзбекистон жамоасининг номдор вакилларидан бири нимчорак финалга ўтди.
Турнир дебютанти, -92 кг вазн тоифаси вакили Мадияр Саидраҳимов эса Беларус вакили Владислав Смахликауга қарши рингга кўтарилди. Жанг ўзбекистонлик ёш спортчининг тўлиқ устунлигида ўтди ва буни ҳакамларнинг баҳолари ҳам тасдиқлади – 5:0.
Мадияр Саидраҳимов жаҳон чемпионатидаги дастлабки жангида ғалаба қозониб, 1/16 финалга йўлланма олди.
Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг дастлабки тўрт кунида етти нафар ўзбекистонлик боксчи ўз жангини ўтказганди. Асадхўжа Мўйдинхўжаев (иккита жанг), Саиджамшид Жаъфаров, Одилжон Аслонов ва Лазизбек Муллажонов иштирокини давом эттирмоқда, Ҳасанбой Дўсматов, Шоҳжаҳон Абдуллаев ва Миразизбек Мирзахалилов мусобақани эрта тарк этган.
Бугунги дастурда Ўзбекистон бокс жамоасининг яна икки вакили чиқиш қилади:
- -60 кг. Абдумалик Ҳалоков — Жасин Ляма (Македония) – 21:25 дан кейин;
- -71 кг. Шаҳрам Ғиёсов — Асланбек Шимбергенов (Қозоғистон) – 23:00 дан сўнг.
Мавзуга оид
04:22 / 14.08.2022
Бокс. Зоиров 20-сониядаёқ рақибини нокаутга учратди, Ғоибназаровга 38 сония етарли бўлди
01:33 / 05.11.2021
Мадияр Саидраҳимов 4 карра жаҳон чемпионига ютқазиб, бронза медали билан кифояланди
10:14 / 03.11.2021
Бокс бўйича ЖЧ. Ўзбекистонликлардан фақат икки киши яримфиналга етиб келди
02:15 / 01.11.2021