-92кг вазнда ўзбекистонлик Мадияр Саидраҳимов финал учун жангда 4 марта жаҳон чемпиони, 2 марта Олимпиада ўйинлари ғолиби бўлган кубалик тажрибали боксчи Хулио Сезар Ла Крузга қарши рингга кўтарилди.
Жанг якунида ҳакамлар кубалик спортчининг 5:0 ҳисобидаги ғалабасини қайд этишди. Мадияр Саидраҳимов бронза медали билан кифояланадиган бўлди.
У аввалги босқичларда беларуслик Владислав Смягликов, қозоғистонлик Айбек Оралбай ва англиялик Льюис Уильямс устидан ғалаба қозонганди.
Маълумот учун, Ўзбекистон бокс жамоаси Сербияга 13 боксчи билан борганди. Лекин Ҳасанбой Дўсматов, Шоҳжаҳон Абдуллаев, Миразизбек Мирзахалилов ва Шаҳрам Ғиёсов илк босқичдаёқ турнирни тарк этди. Одилжон Аслонов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев ва Шаҳобиддин Зоиров 1/8 финалда юришини тўхтатди, Нодиржон Мирзаҳмедов, Саиджамшид Жаъфаров, Лазизбек Муллажонов ва Мужибилло Турсунов чорак финалдан ўта олмади.
Яримфиналга ўзбекистонлик боксчилардан фақат 2 нафари етиб келди. Бунгача -60 кг вазнда Абдумалик Ҳалоков финалга чиқиб, камида кумуш медални нақд қилганди.










