Белградда ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида чоракфинал баҳслари якунланди. Ўзбекистон бокс жамоасининг чоракфиналга етиб келган 6 нафар вакилидан тўрт нафари мағлубиятга учради ва турнирни медалсиз якунлади. Икки нафар боксчи камида бронза медални кафолатлади.
Дастлаб энг енгил вазн тоифаси (-48 кг) вакили Нодиржон Мирзаҳмедов чоракфиналда қозоғистонлик Темиртас Жуссуповга қарши жанг ўтказди ва имкониятни бой бериб қўйди (0:5).

Нодиржон Мирзаҳмедов аввалги босқичда ирландиялик Рикки Несбитт устидан ғалаба қозонган эди.
-60 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Абдумалик Ҳалоков россиялик Всеволод Шумковга қарши рингга кўтарилди. Учала раундда ҳам Абдумалик устунлик қилди ва 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ўзи учун медални нақд қилди (яримфиналда ютқазган боксчилар ҳам автоматик равишда бронза медаллар билан тақдирланади).



Абдумалик Ҳалоков аввалги босқичларда македониялик Жасин Ляма, словениялик Тадей Чернога устидан ғалаба қозонганди.
Унинг яримфиналдаги рақиби эронлик Даниял Шоҳбахш бўлади.
Чоракфиналга етиб келган ўзбекистонликлар орасида медал учун асосий даъвогарлардан бири сифатида қаралган Саиджамшид Жаъфаров кутилмаганда мағлуб бўлди. -75 кг вазн тоифаси вакили бўлган Жаъфаров 1/4 финалда таиландлик Випарон Жонгжохога қарши рингга кўтарилди. Ўзбекистонлик спортчи жанг давомида устунлик кўрсатган бўлса-да, ҳакамлар таиландлик боксчига 3:2 ҳисобидаги ғалабани тақдим этди.
















