Ушбу кунда рингга кўтарилган ўзбекистонлик 4 боксчидан 3 нафари чоракфиналга йўл олди. Фақат Шаҳобиддин Зоиров (-54 кг) япониялик Томоя Цубоига 2:3 ҳисобида ютқазиб, мусобақадаги иштирокини якунлади.
+92 кг вазн тоифасида Лазизбек Мулложонов британиялик Делисиус Орьени 5:0 ҳисобида мағлуб этди.
-60 кг вазнда Абдумалик Ҳалоков словениялик Тадей Чернога устидан 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
-92 кг вазнда Мадияр Саидраҳимов қозоғистонлик Айбек Оралбайга қарши қийин жангда иродали ғалабага эришди. 1-раундни бой берган вакилимиз қолган раундларда вазиятни ўз томонига оғдириб, 4:1 ҳисобида ғолиб бўлди. Эътиборлиси, Мадияр 2-раундда рақибини икки бор нокдаун ҳолатига туширишга ҳам муваффақ бўлди.
Чоракфиналда Мулложонов арманистонлик Давид Чалаянга, Ҳалоков россиялик Всеволод Шумкога, Саидраҳимов англиялик Уильям Льюисга қарши жанг қилади.
Шу тариқа чоракфиналга чиққан ҳамюртларимиз сони 4 нафарга етди. Аввалроқ Нодиржон Мирзаҳмедов (-48 кг) ҳам нимчоракфиналдан муваффақиятли ўтганди.











