Ўзбекистон | 08:35 / 29.10.2021
2032
2 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи коррупцияга оид жиноятлар юзасидан ҳисобот берди

Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Бўронов вилоятда жорий йилнинг ўтган 9 ойида содир этилган коррупцияга оид жиноятлар тўғрисида ҳисобот берди.

Жорий йилнинг 23 феврал куни фуқаро М.нинг аризасига асосан ўтказилган тадбир натижасида Ховос темир йўл бекати архиви мудираси Ҳ. унинг иш стажи ҳақидаги архив маълумотларидан кўчирмаларни тезлаштириб бериш эвазига ўзи ва раҳбарларига 700 АҚШ долларини талаб қилиб олганда ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Ҳ.га нисбатан Жиноят кодексининг 214-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Жорий йилнинг 11 март куни Ховос тумани ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Б.нинг Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи номига ёзган аризасига асосан ўтказилган тадбир натижасида фуқаро У. автомашинасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига 900 минг сўм пулни берган вақтида ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан У.га нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Фото: Kun.uz

2021 йил 21 апрел куни фуқаро Н.нинг аризаси асосида ўтказилган тадбир натижасида РШТЁИМ Сирдарё вилояти филиали тез тиббий ёрдам бўлими ходимлари Қ. ва Х.лар аризачи Н.ни раҳбарлари орқали ишга киритиш эвазига 900 АҚШ доллари миқдоридаги пулни олган вақтида ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Қ. ва Х.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди ва 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид