10:03 / 01.11.2021
4601

Жисмоний шахсларнинг муаммоли кредитлари ҳажми йил бошидан буён 5,4 баробар ошди

Жорий йил 9 ойи давомида банк тизимида жисмоний шахсларнинг муаммога айланган кредитлари ҳажми 5,4 баробарга ўсди. Бу ҳақда Марказий банк томонидан ўтказилган таҳлил натижаларида айтилган.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, банк тизимида муаммоли кредитлар улуши жорий йилнинг июль ойида энг юқори даража - 6,2 фоизга етган. Муаммоли кредитлар улуши жорий йилнинг август-сентябрь ойларида 0,4 фоиз бандга камайиб, 1 октябрь ҳолатига 5,8 фоизни (18,1 трлн. сўм) ташкил этди. 

Мижозлар бўйича муаммоли кредитларнинг 29 фоизи (5,2 трлн. сўм) жисмоний шахслар ва 71 фоизи (12,9 трлн. сўм) юридик шахсларга ажратилган кредитлар ҳиссасига тўғри келади.

Тармоқлар кесимида муаммоли кредитларнинг ўсиши, асосан транспорт ва коммуникация, қишлоқ хўжалиги, савдо ва умумий овқатланиш ва қурилиш соҳалари ҳиссасига тўғри келган.

Жорий йил 9 ойи давомида банк тизимида юридик шахсларнинг муаммоли кредитлари ҳажми 2,6 баробарга ўсган бўлса, жисмоний шахсларнинг муаммога айланган кредитлари ҳажми 5,4 баробарга ўсиб, уларнинг жами муаммоли кредитлардаги улуши 17 фоиздан 29 фоизга етди.

Top